Ғофур Раҳимовга нисбатан жиноят иши мавжуд эмаслиги маълум қилинди

Тадбиркор Ғофур Раҳимов қидирувда эмаслиги расман тасдиқланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғининг биринчи ўринбосари Дониёр Тошхўжаев маълумот берди.

Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармасида пойтахтда ўтказилаётган тезкор-профилактик тадбирларнинг «Долзарб 40 кунлиги»га бағишланган брифингда Дониёр Тошхўжаев Ғофур Раҳимовнинг қидирувга берилганини рад этди.«Алдоқчи бўлиб қолмай.

Саволингизнинг текширув олиб бориляптими, деган жойини тушириб ўтиб кетсак. Бизда ҳозирги вақтда у шахсга нисбатан жиноят иши мавжуд эмас. У шахс келтирилмаган, қидирувга берилмаган», — дейди у.

Аввалроқ, халқ тилида «мафиялар» дейиладиган бир қатор шахслар қўлга олингани ортидан Ғофур Раҳимовга қидирув эълон қилингани ҳақида хабарлар тарқалганди.