Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси ходимлари ўзини «янги худо» деб атаган Арстан Алайни қўлга олди. Бу ҳақда 24.кг хабар берди.
Эркакка нисбатан Қирғизистон Жиноят кодексининг 330-моддаси «Диний адоватни (нифоқни) қўзғатиш» бўйича жиноят иши қўзғатилган. Бунга унинг ижтимоий тармоқлар, китоб, рисолаларда диний ва динлараро адоватни қўзғатиш, фуқароларнинг ўзига хослигини дин асосида тарғиб қилишга чақириқлари асос бўлди.
«У ўзини янги худо, қутқарувчи деб билади, бошқа динлар, эътиқод ва қарашларни нуқсонли, заиф ва нотўғри тушунчалар деб ҳисоблайди ва уларга салбий баҳо беради», — дейилади Миллий хавфизлик давлат қўмитаси муносабатида.
Арстан Алайнинг уйидан кўплаб адабиётлар, компьютерлар ва электрон сақлаш воситалари мусодара қилинган. У Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторига жойлаштирилган.