Аввалроқ, Самарқандда ёш бола аянчли калтаклангани оқибатида кўзи тан жароҳати олгани акс этган видео тарқалганди. Видеода болакай уни отаси урганини айтган.
Вилоят ИИБнинг хабар беришича, аслида ҳодиса 29 октябрда содир бўлган. Видео эса куни кеча ижтимоий тармоққа тарқатилган. Аниқланишича, болакай 29 октябрда отаси томонидан отасининг яшаш уйига олиб кетилган. Ўша куни у кўчада ўйнаётган вақтида йиқилиб, тан жароҳати олган. Болани айнан отаси шифохонага олиб келган. Шунингдек, воқеага гувоҳ бўлган қўшни эркак ҳам бола ҳақиқатда йиқилиб тушганини маълум қилди.
Боланинг отасининг айтишича, видеони қайнонаси яъни, боланинг бувиси атайлаб чиқарган.
“Бола йиқилган. Кўрганлар, гувоҳлар бор. Қайнонам ўртага тушиб, шу ишларни қилган. Улар туҳмат қилишяпти”, — дейди боланинг отаси. Маълум бўлишича, у аёли билан бир йил аввал ажрашган. Бола онаси билан бирга яшайди.Аммо, боланинг бувиси отаси урганлигини айтмоқда. Сабаби, турмуши давомида унинг қизини ҳам мунтазам калтаклаб келган.
“Неварамдан сўрасам, ”Дадам урди. Мен урганимни ҳеч кимга айтма. Агар айтсанг, милиция сени қамайди, деб қўрқитди», деди. Кейин, мен қўрқма, тўғрисини айт болам, десам ҳам дадам урган, деяпти. Қизим куёвим билан 8 йил яшади. Ҳар ҳафтада икки, уч марта ваҳшийларча калтакларди. Видеони биз олганмиз, рост. Лекин, уни тарқатиб юбормаганмиз. Бир хожи-онага куёвимга насиҳат беринглар, деб бергандим. Ким тарқатганини билмадим”, — дейди боланинг бувиси.Вилоят ИИБ хабар беришича, гувоҳларнинг кўрсатмалари ва экспертиза хулосасига кўра, ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қонуний қарор қабул қилинган.
«Видео тарқалганидан сўнг, яна бир марта ўрганиб чиқилди ва калтакланиш ҳолати ўз тасдиғини топмади. Ҳозирда мазкур ёлғон маълумотни тарқатганларнинг шахсини аниқлаш ва уларга чора кўриш мақсадида терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда”, — дейилади ИИБ хабарида.