Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга автобус қатновлари 2 баробар оширилади

Тошкент шаҳрини вилоят марказлари билан боғловчи ҳар куни камида 2 тадан рейс қўйилади, вилоят марказларини ўзаро боғловчи ҳафтасига камида 1 тадан рейс амалга оширилади, камида 7 та самолёт олиб келиниб, яна 3 та халқаро йўналиш очилади.

Транспорт хизматларининг ярми автотранспортга тўғри келади. Бу йил 1,5 мингга яқин автобус олиб келинган бўлса-да, ўсиш 5,5 фоиздан ошмаган.

Транспорт вазирлигига яна камида 1 минг 200 та автобус сотиб олиб, йўналишларга чиқариш топширилди. Шунингдек, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистонга автобус қатновлари 2 баробар оширилади.

Авиахизматлар бозорида ҳам рақобат пайдо бўлди, 6 та хусусий компания иш бошлади. Йил бошидан 25 та янги самолёт олиб келинди, 17 та йўналиш очилди.

Шунга қарамасдан, соҳадаги хизматлар ҳажми 7,7 фоиз ўсган, холос. Транспорт вазирлиги олдига келгуси йилда авиаташувлар ҳажмини 20 фоизга ошириш вазифаси қўйилди.

Бунинг учун Тошкент шаҳрини вилоят марказлари билан боғловчи ҳар куни камида 2 тадан рейс қўйилади, вилоят марказларини ўзаро боғловчи ҳафтасига камида 1 тадан рейс амалга оширилади, камида 7 та самолёт олиб келиниб, яна 3 та халқаро йўналиш очилади.

Темир йўл бўйича ҳам тарифлар қайта кўриб чиқилди, кераксиз имтиёзлар бекор қилинди. Шунингдек, 6 та тезюрар ҳамда шаҳарлараро қатнайдиган 30 та электр поезд олиб келинмоқда.

Бу соҳада келгуси йилда камида 20 фоиз ўсишни таъминлаш зарурлиги таъкидланди.

Яна бир масала – халқаро ташувларда маҳаллий транспорт-экспедитор корхоналар улуши кам.

Маҳаллий экспедиторларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларнинг хизматидан фойдаланилганда, импорт товарларига божхона божи ҳисоблашда транспорт харажатини чегириш, халқаро ташишларда маҳаллий экспедиторлар хизматига қўшилган қиймат солиғидан имтиёз бериш имкониятини кўриб чиқиш таклиф қилинди.