Қашқадарёда 7-синф ўқувчиси турмушга берилаётгани хабарига изоҳ берилди

Бугун ижтимоий тармоқларда 7-синф қизнинг турмушга узатилаётгани ҳақида хабар тарқалди.

Ушбу хабар Қашқадарё вилоят ҳокими ўринбосари томонидан манзилли ўрганилди, дея маълум қилмоқда Оила ва хотин-қизлар қўмитаси вакили Саодат Боймирзаева.

Маълум бўлишича, ҳолат Қашқадарё вилоятининг Кўкдала туманида бўлиб, қизчанинг ота-онаси ва бувиси видеодаги ҳолат аслида фарзандининг туғилган куни муносабати билан ўтказилган маросим эканлиги тўғрисида тушунтириш бериб ўтганлар.

Масъуллар томонидан Д.К нинг ота-онаси аёлни турмушга чиқишига мажбурлаш учун жиноий жавобгарлик мавжуд эканлиги тўғрисида огоҳлантирилди.

Шунингдек, Д.К. нинг ота-онаси ўз тушунтиришида видеодаги ҳолат тўй ёки унаштирув маросими эмаслиги ва қизини эрта турмушга бериш нияти йўқлиги, унга таълим бериш ва шифокор бўлиб етишиши ниятида эканликларини маълум қилди.