14 ёшли ушбу қизга нисбатан қилинган жинсий тажовуз бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманида яшовчи фуқаро Н.А. томонидан етти ой давомида таҳдид орқали жинсий эксплуатация қурбонига айланган 14 ёшли Ч.Т. билан Болалар омбудсмани учрашув ўтказди.
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил қизга кўрсатилаётган ижтимоий кўмак, таълим шароитлари ҳамда эмоционал-психологик ёрдам ҳолатини ўрганди.
Келтирилишича, 2009 йилда туғилган қизнинг аҳволи анча яхшиланган ва психолог томонидан унга доимий тарзда кўмак кўрсатилмоқда.
Педагоглар жалб қилинган ҳолда болага мактаб дастуридаги асосий фанлардан дарслар ўтилмоқда.
Жумладан, унда инглиз тили ва компютер саводхонлигига катта иштиёқ ошиб, тасвирий санъатга эса алоҳида қобилияти борлиги аниқланган.
Маълумот учун, ушбу жиноят бўйича Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда Китоб тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов гуруҳи томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.