Ўзбекистонда биттадан ортиқ машинаси бор оилалардан кўпроқ солиқ олиш таклиф этилди

Экологик партия депутатлари Тошкент шаҳри ҳавосидаги ифлосланиш даражаси ортиб бораётгани сабаб бир қанча таклифлар билдирди. 

Хусусан, Экологик партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Носиржон Аминов экологиядаги муаммолар бевосита тартибсиз қурилишлар сабабли дарахтлар кесилишига, транспорт воситалари сони кескин ошиб кетишига боғлиқ эканини айтган

“2023 йил ҳам якунига етиб боряпти, лекин Тошкент шаҳри ҳавосидаги ифлосланиш даражаси яхшиланишидан дарак бўлмаяпти. Тартибсиз қурилишлар сабабли дарахтлар кесилиши, транспорт воситалари сони кескин ошиб кетиши барибир ўз сўзини айтяпти. 

Шаҳарда тартибсиз қурилишларни ёки автомобиллар ҳаракатланишини чекламасак, ўнгланишимиз қийин бўладиганга ўхшаб турибди. Кимгадир ёқар ёки ёқмас, аммо ифлосланган ҳаводан болаларимиз нафас олишига томошабин бўлишдан воз кечиш вақти келди. Шу ўринда айрим ечимини кутаётган масалаларга эътибор қаратиш жоиз деб ўйлайман:

  • Қурилиш ишларини ташкил қилиш учун белгиланган “СанПин” талабларига риоя қилмаганлар кескин жавобгарликка тортилиши керак.
  • Пойтахт ҳудудида тирбандликларни бартараф этиш мақсадида автомобиллар ҳаракатланишини тартибга солиш ишларини қайта кўриб чиқиш, ҳатто вақтинча бўлса-да, шаҳарга киришда айрим чекловларни татбиқ қилиш зарур. 
  • Атмосфера ҳавосининг ифлосланишининг олдини олиш мақсадида бирдан ортиқ автомобилга эга оилаларга мол-мулк солиғини кўпроқ тўлаш тартибини жорий этиш мақсадга мувофиқ, деб ўйлайман.

Бир сўз билан айтганда, хусусий автомобилдан фойдаланиш ҳашамдор, жамоат транспортлари қулай ҳамда пиёда йўллари эса замонавий ва хавфсиз ҳолатда бўлиши зарур”, — дейди депутат.

Шунингдек, партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Наврўзбек Юсупов Тошкент чўллашаётганини, ҳаво ифлосланиши бўйича жаҳон рейтингларида “фахрли” юқори поғоналарни бой бермаётганини қайд этган. 

“Пойтахтимиз Тошкент кўз олдимизда чўллашяпти, ҳаво ифлосланиши бўйича жаҳон рейтингларида “фахрли” юқори поғоналарни бой бермаяпти. 

2021 йилда, яхши эслаймиз, Тошкентни қалин чанг қоплади. Ҳавода инсон саломатлигига зарарли бўлган заррачалар миқдори мумкин бўлган меъёрлардан 30 баробар ортиб кетди.

Ҳар қандай шаклланаётган мегаполис каби Ўзбекистон пойтахти ҳам интенсив урбанизация жараёнларига хос жараёнларни бошдан кечириши, албатта, табиий. Лекин Тошкент 20-30 миллионлик Мумбай, Деҳли, Дакка, Пекинлардек супер-мегаполис эмас, ҳаёт улардагидек қайнамайди, қурилиш кўламлари ва суръатлари ҳам улардагидек улкан ва шиддатли эмас. Шунга қарамай, бир пайтлар яшиллик бўйича Европа шаҳарларига “фора берадиган” пойтахтимиз охирги вақтлар ҳатто Осиёнинг монстрларини ҳам ҳаво ифлосланиши бўйича бемалол ортда қолдириб кетяпти.

Биз бу муаммоларни қурилишларни, транспорт оқимларини тартибга солиш орқали ечишимизга ишонаман”, — дейди у.