Жиззахда боласини мунтазам равишда қийноққа солиб келган отага жиноий иш очилди

Ижтимоий тармоқларда эркак киши болага турли шаклдаги қийнаш, унинг ҳаёти ва соғлиғини хавфга солувчи ҳаракатлар қилаётгани тасвирланган видео тарқалди.

Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова ҳолат юзасидан муносабат билдираркан, бундай ғайриинсоний муносабатда бўлган, боланинг отаси деб айтилаётган шахс Жиззах шаҳрида яшовчи А.Б. эканини маълум қилди.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан боланинг онаси ИИБга мурожаат қилган. 20 декабрь куни Жиноят кодексининг 110-моддаси (Қийнаш), 112-моддаси (Ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) ва бошқа моддалар билан жиноят иши қўзғатилган.

Хабарда айтилишича, болалар омбудсмани бундай шахсларга қонун доирасидаги жавобгарлик қатъий таъминланиши юзасидан ўз кузатувини давом эттиради.