Газ қазиб олиш 5 млрд.кубга камайган

Бу Туркманистондан (2 млрд.куб) ва ўрисники дейилиб, гўёки Россиядан (2,8 млрд.куб) импорт қиинаётган газ миқдоридан кўра кўпроқ.

2023 йилнинг охирги ойи саноат статистикаси Ўзбекистон ёқилғи энергетикаси тубга қараб шўнғишдан тўхтамаганини кўрсатмоқда.

Демак, декабрь ойида:

Газ қазиб олиш 3,9 млрд.кубни ташкил этган. Бу ўтган йил декабридан кўра 409 млн.кубга камроқ. Жами йиллик қисқариш 5 млрд.кубга етган.

Газ конденсати олиш 103,7 минг тоннагача қисқарган (-6,9 минг тонна).

Нефть қазиб олиш 60,8 минг тоннадан иборат бўлган. Бу тегишли даврга нисбатан 5,7 минг тонна кам.

Бензин ишлаб чиқариш 117,6 минг тоннани (-22 минг тонна), дизель ишлаб чиқариш 73,2 минг тоннани (-1,4 минг тонна) ташкил этган. Қизиқ тарафи, энергетикларимиз декабрда бензин ишлаб чиқариш ортганини эълон қилишган эди.

Кўмир ҳам умумий қисқариш фонидан ажралмаган. Охирги ойларда қазиш ортаётганига қарамай, декабрга келиб кўмир ишлаб чиқариш 456,7 минг тоннагача қисқарган (-86,3 минг тонна).

Энергетикадаги инишга қарамай, саноат ишлаб чиқариш физик ҳажмининг ўсиши 5,3%дан 6,0%гача тезлашган.