Рост. Биз ўзбекларнинг борлигимиз кўпчиликка ёқмайди. Йўқ қилишни исташади. Аммо баъзан бугун 50 миллиондан ортиқ нуфусга эга буюк миллатни йўқ қилиб бўлмаслигини унутиб қўйишади.
Яқинда ўрис каналларидан бирида патаксоқол бир олимнинг гапини эшитдингиз. У нафақат ўзбек, балки қозоқ, қирғиз, озарбайжон сингари миллатларни йўққа чиқарди, Ўзича…
Ҳа, шу патаксоқолнинг боболари юз йил олдин Кавказдан Хитой марказларига қадар ҳудудда яшаган буюк турк миллатини парчалаб, ўзбек, туркман, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, озарбайжон сингари миллатларга бўлиб ташлаган, бир тилда гапириб келган яхлит халқни шу таҳлил майдалаб, унинг буюк кучини сезиларли даражада йўқотгани ҳам ҳақиқат. Чунки турк улуси асрлар бўйи ўз ғанимларини чўчитиб келган. Турк бирлашса, уни енгиб бўлмаслигини яхши билишган. Шу боис улар туркни бўлаклаб, мақсадларига қисман бўлса-да, етишди.
Аммо ўтган бир асрда туркнинг ҳар бир бўғини озми кўпми куч тўплади. Нозик бутоқлар йўғон шохларга айланди. Бир турк ўрнида олти турк давлати пайдо бўлди. Агар улар яна бирлашадиган бўлса ғанимларнинг нони яримта бўлиши аниқлашиб қолди.
Бугун ана шу бирликка рахна солишни истайдиганлар кўп. Гоҳ қирғизни ўзбек билан уриштиришади, гоҳида туркманга қарши Озарбайжонни гижгижлайди. Нима бўлса-да орага адоват солса…
Энди ана шу миллатларни бир-бирига душман қилиб, ичдан парчалашни исташяпти. Биргина ўзимизнинг ўзбекларни олайлик. Атрофдаги давлатларда хам уларнинг сонини камайтириш, парчалаш, миллий ўзлигини йўқотишга интилишяпти. Камситмоқчи, тиз чўктирмоқчи бўлишяпти.
Қўшни Афғонистон ўзбеклар сони бўйича Ўзбекистондан кейинги ўринда туради. Бу ерда олти-етти миллион ўзбек яшайди. Бир пайтлар бу давлатда ўзбек тили учинчи расмий тил эди. Толиблар иқтидорга келиб, бу мақомни бекор қилди.
Туркманистонда ҳам ўзбекларни ассимиляция қилиш жараёни жадал бормоқда. Совет даврида ўзбеклар мамлакат аҳолисининг 10 фоиздан кўпроғини ташкил қилган. 2000 йиллар бошида марҳум туркманбоши мамлакатда ўзбеклар салмоғи 3 фоиз атрофида эканини айтган, шундан сўнг бу ҳақда бошқа расмий маълумот берилмаган.Бу мамлакатда бугунги кунда ўзбек мактаблари деярли қолмаган, ўзбеклар туркман халқи сафига қўшиб юборилмоқда.
Қирғизистон тарихида ўзбекларга нисбатан амалга оширилган ноҳақликлар ҳеч кимнинг ёдидан чиққани йўқ. 1989, 2010 йиллардаги қонли воқеалар бу ўлкада ўзбек бўлиб яшаш у қадар осон эмаслигини яққол исботлади. Аслида бу фитна ортида қардош қирғизларни бизга қарши қўйишни истаган шовинистлар турибди…
Тожикистонда 1980 йилларда аҳолининг чорагини ўзбеклар ташкил қилган бўлса, бугун уларнинг миқдори 12 фоизга тушиб кетган. Ҳолбуки, ўзбеклар бу мамлакатдан чиқиб кетмаган, кўпайиш даражаси ҳам бошқалардан кам эмас. Сўнгги ўн йилда ўзбек мактаблари уч баравар камайган. Ўзбеклар нуфусини камайтириш мақсадида кўпинча ўзбеклар ҳисоботларда турли уруғлар номи билан қайд қилинади: лақай, қўнғирот, манғит, қарлуқ ва ҳоказо. Тоғли Бадахшондаги бегона тилда сўзлашувчи халқлар барчаси тожик саналадиган юртда, ғирт ўзбекча сўзлайдиган лақайлар ўзбек ҳисобланмайди…
Бу ҳали ўзбеклар асрлар давомида муқим яшаб келаётган мамлакатлардаги аҳвол. Ўзбеклар муҳожир бўлиб борган давлатлардаги ҳолатни гапирмаса ҳам бўлади. Хорижий мамлакатларда қолиб кетган ўзбекларнинг катта қисми ўз тили, ўзлигини унутиб, ҳукмрон миллатлар қатига сингиб кетмоқда. Бугун Сурия, Миср, Саудия Арабистонига қачонлардир бориб қолган миллатдошларимизнинг авлодлари яшайди ва уларнинг кўпи аллақачон ўзбеклигини унутган. Улар яшаётган ҳудудлар номи ёки насабида ўзбек номи сақланиб қолган холос.
Албатта мамлакат ташқарисида яшаб, ўзбекчиликни, ўзбек номини, менталитетини сақлаб қолиш осон эмас. Ҳолбуки, Ўзбекистонда туриб ҳам ўзлигини йўқотаётганлар истаганча топилади. Шу билан бирга, айрим руспараст ўзбеклар ва қўштирноқ ичидаги “ўзбеклар” имкон қадар ўзбек номини камситишга, мавқеини камайтиришга уринишмоқда.
Ана шундай айрим зиёлилар “Ўзбекистон” номини ўзгартириш, мамлакат ундаги ҳар бир халққа тегишли эканини ҳисобга олиб, Турон, Сўғдиёна сингари нейтрал номларни беришни таклиф қилишади. Яна аллакимлар ўзбек тили билан бирга бошқа тилларга ҳам давлат тили мақоми бериш керак, деган даъволарни илгари суришади.
Яқинда атлас кўйлаги ўзига ярашган тарихчи биродаримиз ўзбек сўзи ўрнида Ўзбекистонлик атамасини қўллашни таклиф қилибдилар. Ўзбек номи кўпмиллатли халқни бирлаштира олмас эмиш.
Аммо дунёнинг етакчи давлатларида яшовчи бошқа элатларни титул миллат номи билан аташ аллақачон урфга кирган. Дейлик Францияда араб хам, ҳабаш хам, фаранг ҳам миллати ё ирқидан қатъий назар француз аталади. Туркияда ҳам турк атамаси этник эмас, сиёсий мазмун касб этади. Яъни Туркияда туғилган ҳар бир фуқаро сиёсий нуқтаи назардан турк саналади.
Спорт журналистикаси терминологиясига кўра, спортчиларни у мансуб мамлакатдаги асосий халқ номига нисбат бериб тилга олишади. Дейлик Ўзбекистон номидан иштирок этган ҳар бир спортчи миллатидан қатъий назар ўзбек спортчиси деб айтилади. Чамамда, бошқа соҳаларда ҳам ўзбек атамасини мамлакатимизнинг барча фуқароларига нисбатан қўллаш, ўзбек номига сиёсий тус бериш тўғри бўларди. Бу юртимиздаги бошқа миллатларни камситиш эмас, аксинча барча миллат ва элатлар ўртасидаги конституцион тенгликни амалдаги исботи бўлур эди. Бунда хар бир фуқаронинг этник мансубияти инкор қилинмайди, турли миллат ва элатларнинг тили, анъана ва урф-одатлари камситилмайди, балки уларни асраб-авайлаш, ривожлантиришга барча шароитлар яратилади. Аммо ўзбек номи барча юртдошларимизни бирлаштирувчи мақомга, сиёсий брендга айланган бўлур эди. Албатта бу шахсий мулоҳаза холос.
Шундай экан, давлат номини ўзгартириш, бошқа тилларига давлат тили мақомини бериш ҳақидаги хомхаёлларни ҳам йиғиштириш керак! Дунёнинг энг ривожланган давлатлари, хусусан Францияда фақат французлар, Италияда фақат италянлар, Германияда фақат немислар, Японияда фақат японлар яшамайди. Шу билан бирга ушбу давлатлар ўз номини ўзгартириш ҳақида ўйлаб ҳам ўтиришмайди. Давлат қайси халқ номи билан аталса, ўша тилга давлат тили мақоми берилган. Бошқа миллатлар “бизнинг ҳуқуқларимиз камситиляпти” деётгани йўқ, деёлмайди ҳам.
Биз эса, ҳатто ўз тилимизнинг мақомини ҳам етарли даражага олиб чиқа олмадик. Ўзбек тили халқаро миқёсда тугул, Ўзбекистонда ҳам ўз ўрнини тополгани йўқ. Бирор давлат идорасига бирор русийзабон кириб “нега рус тилида гапирмайсан?” деб дағдаға қилса, маъмурларимиз кечирим сўраб, унинг тилида ишини битириб беришади. Ҳамон йиғилишда бошқа миллат вакиллари ўтирган бўлса, албатта ўз тилимизни четга суриб русча гапирамиз. Негаки, “рус тили миллатлар ўртасидаги мулоқот тили” деган норасмий мақом олиб бўлган. Ҳолбуки, дунёнинг етакчи давлатларида ҳамма миллат ва элатлар ўзаро ўша давлатнинг расмий тилида мулоқот қилишади.
Мен бу билан асло ва асло миллатчиликни тарғиб қилмоқчи, миллатлараро низо қўзғамоқчи эмасман. Аммо, чор-атрофдаги бизни, ўзбек миллатига, ўзбек давлатчилигига соя солаётган таҳликаларга бефарқ қараб ўтириш фақат зиёнимизга ишлайди.
Зеро,, ўзбекларни миллат сифатида тарих саҳнасидан сиқиб чиқаришни, ўзларига қўшиб юбориш ёки парчалаб ташлашни истайдиганлар кўп. Биз бефарқлигимиз, керагидан ортиқча бағрикенглигимиз билан ўшаларнинг тегирмонига сув қуямиз холос.
Россия шовинистлари орасида эса, азалдан ўзбекларни камситиш, миллат сифатида майдалаб ташлашни истайдиганлар бўлган ва ҳозир ҳам бор. Ҳозиргача ижтимоий тармоқларда айланаётган патаксоқол чаламуллаларнинг (уларнинг номини ҳам тилга олгим келмаяпти) иддаоси ҳам уларнинг асл мақсадини кўрсатмоқда.
Нима эмиш, Ўзбеклар 1917 йилда турли миллат ва элатлар йиғиндисидан ташкил топган эмиш. Аслида Ўзбекистон ҳудудида илк давлатлар ташкил этилганда, уларнинг аждодлари на сонда бор эди, на саноқда.Аввало, ўзбеклар буюк турк оиласининг асл ўзагини ташкил этишини унутмаслик керак. Минг йиллар мобайнида халқимиз турк, тилимиз туркий тил деб юритилган. Ўзбек номининг илк кўринишлари эса, Vlll асрдаёқ Ўрхун битикларида қайд этилган, Ўзбекхон (1312-1342) даврида унинг ҳукмронлиги остидаги халқлар ўзбек деб атала бошлаган, асосийси, Москва ва унинг атрофидаги ерлар ҳам ўзбеклар томонидан бошқарилган.
Ўтган аср бошларида жадид боболаримиз Марказий Осиёдаги барча халқларини бирлаштириб, Буюк Туркистон давлатини яратишга киришганларида, рус шовинистлари большевиклар ва дашноқлар қўли билан Туркистонни қонга ботиришган, турк номидан қўрқиб, уни ўзбек, қозоқ, қирғиз, туркманга бўлиб ташлашган эди. Энди ана ўша шовинистларнинг урпоқлари ўзбекларни «кеча пайдо бўлган» деб жар солишмоқда. Ғалати эмасми?
Хуллас, жаҳолатни маърифат билан енгиш лозим. Ҳазрат Навоий айтганларидек, биз ўзимизни англаб етмасак, бошқалар қандай танисин, қандай ҳурмат қилсин? Зотан дунёда эллик миллион ўзбек ва Ягона Ўзбекистон бор. Шундай экан, ўз Ватанимиз, миллатимиз, халқимиз, тилимиз ва маданиятимизни ўзимиз асрашимиз керак. Шунда бизни хар ўткинчи ит қопмайдиган бўлади.
Рустам Жабборов