Кеча Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси раиси Алишер Ходжаев ишдан олиниб, унинг ўрнига Абдурашид Жўрабоев раис этиб тайинланди. Бунинг ортидан соҳа жамоатчилиги ўртасида ҳам, ижтимоий тармоқларда ҳам турли гап сўзлар, қарама қарши фикрлар болалаб кетди.
Чунки мамлакат медиа майдони ва мафкуравий ҳаётида катта ўринга эга бўлган МТРК фаолияти борасида аввалдан зиддиятли фикрлар жуда кўп. Компания тақдим этаётган контент бугунги одамларни қониқтирмаётгани, телетомошабинларнинг аксарияти хусусий телеканалларни кўраётгани бот-бот қулоққа чалинади.
Афсуски, давлат бюджетидан ҳар йили ярим триллион сўмдан зиёд маблағ оладиган (2023 йил учун 555,94 млрд сўм) компания халқнинг кўнглидаги кўрсатувларни тақдим этмаётгани бор гап. Бу эса албатта раҳбарга боғлиқ.
Хўш, янги тайинланган Абдурашид Жўрабоевнинг МТРКдаги эски стреотипларни парчалаб ташлашга кучи ва салоҳияти етадими?
Умуман бу одам ким ва унинг журналистикага, медиа соҳасига қандай алоқаси бор?
Абдурашид Абдувоҳидович Жўрабоев 1975 йил 20 октябрда Фарғона вилоятида туғилган. Асли касби иқтисодчи бўлган бу одамни кўпчилик Олий Мажлис Қонунчилик палатасига депутат бўлганидан буён билади. 2004 йилда Қонунчилик палатасига илк бор бўлиб ўтган сайловда депутат этиб сайланган. Ўшанда у Олий Мажлис депутатлари орасида энг ёши бўлган.
Абдурашид Жўрабоев 10 йиллик депутатлик фаолияти (2009 йилда яна бир бор сайланган) давомида қуйи палатанинг Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитаси раиси ўринбосари, кейинги чақириқда раиси сифатида ишлаган.
2014 йилда қабул қилинган “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги қонуннинг ишлаб чиқилиши, қонун лойиҳаси бўйича Самарқанд ва Бухоро вилоятларида экспрементлар ўтказилиши ва ниҳоят қабул қилинишида масъул қўмита раиси сифатида Абдурашид Жўрабоевнинг ҳиссаси катта бўлган, деган маълумотлар бор.
Депутатлик мандати тугаганидан кейин А.Жўрабоев Вазирлар Маҳкамасининг Маданият, санъат ва ёшлар сиёсати масалалари департаменти мудири лавозимида ишлаган. Маълумки, оммавий ахборот воситалари фаолияти билан бевосита ушбу департамент шуғулланган.
Соҳага оид Президет қарорлари, ВМ ҳужжатлари лойиҳалари билан бевосита ушбу департамент ишлаган.
Абдурашид Жўрабоев 2019 йил сентябрдан 2023 йилгача Президентнинг ёшлар, фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масалалари бўйича маслаҳатчиси ўринбосари сифатида фаолият кўрсатган. 2023 йил февралидан Бош вазир котибияти раҳбари лавозимида ишлаб келаётган эди.
Демак, айримлар таажжубланаётгандек Абдурашид Жўрабоев медиа соҳаси учун бутунлай бегона шахс эмас. Сўнгги 15 йилдан буён ахборот, коммуникация, медиа соҳаларида ишлаб келяпти. Ва бу соҳанинг ичидаги, жумладан МТРК тизимидаги муаммолардан, оғриқли нуқталардан яхши хабардорлиги аниқ.
Тўғри у касби бўйича ОАВга алоқаси йўқ, лекин телевидение тизимини тартибга солиш учун яхши бошқарувчи, яхши менежер керак эҳтимол. МТРКнинг янги раиси буни қанчалик уддалай олишини эса вақт кўрсатади. Давлат телевидениеси яна бир вақтлардагидек халқ учун яқинлашадими, одамлар дилидаги гапларни баралла айта оладими, бу ҳам Абдурашид Жўрабоевнинг журъатига боғлиқ. У бир вақтлар очиқлик тўғрисидаги қонунларни ишлаб чиқишда жавлон ургани бироз умид берар эҳтимол.