Маълумки таълим тизимидаги сифат самарадорлигига мактабларнинг инфратузилмаси ҳам бир мунча таъсир ўтказади. Афсуски , Ўзбекистонда мактабларнинг аҳволини яхши деб бўлмайди. МҲТИ экспертлари томонидан ўтказилган таҳлиллар сўзимизнинг исботидир.
Мактаблардаги инфратузилма
2022-2023 ўқув йилида республикада 10522 та умумтаълим мактаби фаолият юритган (194 таси хусусий), Мактаблар сони 2021-2022 ўқув йилидагига нисбатан 233 тага ошган.
Умумтаълим мактабларининг 62,5 фоизи (6571 та) қишлоқларда жойлашган. Ўқувчилар сони 6461741 нафарни ташкил этган (уларнинг 0,71 фоизи хусусий мактабларда). Мактаблар эса 5283916 нафар ўқувчи учун мўлжалланган, яъни 1 та ўқувчи ўрнига 1,2 нафар ўқувчи тўғри келмоқда.
Иккинчи ва учинчи сменада ўқийдиган ўқувчилар 33 фоизини ташкил этади
Бунинг оқибатида республикадаги умумтаълим мактабларининг 0,1 фоизи (5 та) учта сменада ва 73,1 фоизи (4777 та) иккита сменада фаолият юритади. Иккинчи ва учинчи сменада ўқийдиган ўқувчилар сони 2,1 миллиондан ошиқ бўлиб, жами ўқувчиларнинг 33 фоизини ташкил этади.
Мактабларнинг бор-йўғи 30 фоизи канализацияга эга
Умумтаълим мактабларининг 64,2 фоизида ошхона ёки буфет, 95 фоизида кутубхона, 79 фоизида спорт зали бор. Мактабларнинг бор-йўғи 30 фоизи канализацияга эга (масалан Ўмонда 99 фоиз, Россияда 96 фоиз), 70,5 фоизида водопровод мавжуд. Умумтаълим мактабларининг 99 фоизи иситиш тизимига эга.
Капитал таъмирга муҳтож мактабларнинг 63 фоизи қишлоқларда
Республикада фаолият юритаётган умумтаълим мактабларининг 15,9 фоизи (1658 та) капитал таъмирга муҳтож. Уларнинг 63 фоизи қишлоқ ҳудудларида жойлашган.
Айтиб ўтиш жоизки, Бухоро вилоятидан ташқари барча ҳудудларда таъмирлашга муҳтож мактаблар мавжуд. Ушбу мактабларнинг катта қисми Тошкент (219 та), Сурхондарё (209 та) ва Қашқадарё (204 та) вилоятларида жойлашган.
Мактабларнинг 4,3 фоизи (451 та) авария ҳолатида
Мактабларнинг 4,3 фоизи (451 та) авария ҳолатида, уларнинг ҳам катта қисми, яъни 60,7 фоизи қишлоқ жойларга тўғри келади. Авария ҳолатидаги мактабларнинг асосий қисми Қашқадарё (101 та) вилоятида жойлашган.
Бир томонда ялтироқ бинолар, бир томонда хароба мактаб
Эътибор берилса, бугунги Ўзбекистон харажатларининг, шу жумладан ташқи қарзларнинг ҳам жуда катта қисми қурилишга йўналтирилган. Самарасиз ва кечиктирса ҳеч нарса ўзгармайдиган юзлаб қурилишлар борки, улар ҳам буджет сарфи ортишига олиб келмоқда. Биргина кўнгилочар масканни қуришга юзлаб мактаблар қурилишига етадиган пуллар сарфланяпти.
Бугунги мактабларимиздаги аҳволни кўра била туриб будай жимжима ва ҳашамга ўчликни қандай оқлаш мумкин?
Аксарият умумтаълим мактабларида ўқувчиларнинг битта синфдаги ўртача сони 31 нафарга етган. Марказий ҳудудларда эса 40-45 нафар бола ўтирган синфни кўрсак ҳам ажабланмаймиз.
Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан 2017-йилда тасдиқланган «Умумий ўрта таълим тўғрисида»ги низомда синфда ўқувчилар сони 35 нафардан ошмаслиги белгиланган. Психологларнинг таъкидлашича, синфдаги ўқувчилар сони назарияда 25 нафардан ошмаслиги керак, лекин низомда 35 нафар, амалда эса ундан ортиқ.
Яна бир масала, бир дона Президент мактабини қуриш учун 70-100 млрд сўм атрофида маблағ сарф қилинар экан, ҳамда битта президент мактабининг сиғими 170 та ўқувчини сиғдиришга мўлжалланган. 410 та ўқувчи учун мўлжалланган оддий мактабларни қуриш учун эса ўртача 5.5 млрд сўм сарфланади.
Президент мактабларнинг ҳаммасини қуриш учун тахминан 1.2 трлн сўм сарфланган десак, бу ҳажмдаги маблағга оддий мактаблардан 217 та қуриш мумкин бўлар эди. Бу дегани эса бир йилнинг ўзида мактабларнинг сиғими қўшимча 90 мингтага ортади дегани эди.
Ҳайронман, махсус мактабларни қуриш учун млрдлаб сарфлашга тайёрмизу, аммо бошқа болаларнинг нормал стандардларга мос синфларда ўтиришини таъминлаш учун етарли маблағ ажратишга келганда эса қўлимиз қалтираб қолади.
Хуллас шунақа гаплар, бир томонимизда ялтироқ бинолар қад ростлаб, кўзимизни қамаштирса, бир томонимизда мактабларимиз нураб, кўзимизни ёшлантиряпти…