Ўш вилоятининг Новқат туманидаги вайронкор селдан жабр кўрган қишлоқлар учун Ўзбекистондан 95 тонна инсонпарварлик ёрдами етиб келди. Бу ҳақда Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабар бермоқда.
Вилоятга 24 тонна ун, 12 тонна гуруч, 10 тонна шакар ва бошқа маҳсулотлар келтирилди.
Юк Ўзбекистон Республикаси фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Санжарбек Зупаров бошчилигидаги делегация томонидан етказилди. Инсонпарварлик ёрдамини Қирғизистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги бошлиғининг ўринбосари Оқилбек Мазарипов ва Президентнинг Ўш вилоятидаги ваколатли вакили ўринбосари Илияз Тошбоев кутиб олди ва оғир кунларда кўрсатган ёрдами учун ўзбек халқига миннатдорлик билдиришди.
Махсус тузилган комиссия ёрдамни жабрланганлар орасида тақсимлайди.
28 июнь куни Ўш вилоятининг Новқат туманида сел оқими одамларнинг ўлимига сабаб бўлган эди. Кучли ёмғир туфайли ўнлаб ҳовлиларни сув босди, кўприклар, йўллар ва электр узатиш тармоқлари бузилди. Ўн киши ҳалок бўлди.
30 июнь куни Ўш вилоятининг Қоракулча туманида сел оқибатида тўрт киши ҳалок бўлди. Уларнинг барчаси бир оиланинг аъзолари.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотларига кўра, жорий йилнинг 20 апрелидан 1 июлига қадар Қирғизистон ҳудудида 236 та сел оқими қайд этилган бўлиб, улардан кўрилган зарар 170 миллион сомдан ортиқни ташкил қилди.