Шу кунларда халқаро ва маҳаллий ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда дунёнинг қатор мамлакатлари бўйлаб СOVID-19нинг ХEC номли янги штамми тарқалаётгани, у келгуси ойларда доминант вариантга айланиши мумкинлиги ҳақида хабарлар эълон қилинмоқда.
Хўш, коронавируснинг мазкур мутацияси қанчалик хавфли? У қандай белгилар билан намоён бўлмоқда? Бу касалликка қарши қайси усулларда курашиш лозим? ХEC штамми Ўзбекистонда аниқландими?
ССВ Матбуот хизмати Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Атабеков шу каби саволларга жавоб берди.
— Халқаро экспертлар хулосасига кўра, СОВИД-19нинг ХEC версияси «омикрон» штаммининг KS.1.1 ҳамда KP.3.3 вариантлари комбинатсиси сифатида пайдо бўлган ва илк бор шу йил 15 июнда Германияда аниқланган, — дейди мутахассис. — Ҳозиргача у 27 мамлакатда рўйхатга олинди.
— Маълумки, бугунги кунда дунё бўйлаб «омикрон» штаммининг 10 та версияси «айланиб юрибди». Мутахассислар келаётган қиш мавсумида ХEC версияси доминант, яъни энг кўп қайд этиладиган вариант бўлишини прогноз қилмоқда.
Айтиш жоизки, бу касаллик енгил ва асоратсиз, аниқроғи ЎРВИ ва гриппга хос белгилар билан кечмоқда. Фақат айрим фарқли аломатлари бор. Енгил нафас қисиши, давомли йўтал, таъм ва ҳид билиш қобилияти қисман йўқолиши, ҳолсизлик каби симптомлар шулар жумласидан.
Коронавирусга қарши қўлланиб келинаётган вакциналар ҳозир аниқланаётган барча штаммлар, хусусан, ХEC мутациясига нисбатан ҳам самара беради ва янги эмлаш воситасини ишлаб чиқаришга эҳтиёж йўқ, деб айта оламиз.
Қолаверса, халқаро тиббий амалиётда ХEC штаммини юқтирган беморлар асосан бир-икки ҳафтада тўлиқ тузалиб кетиши кузатилмоқда.
Амалдаги даволаш протоколлари, муолажа усуллари кутилганидек натижа беряпти.
Ҳозир Ўзбекистонда ХEC штамми қайд этилгани йўқ. Ўз навбатида, СOVID-19га қарши етарли вакциналар захирасига эгамиз. Шу боис юртимизда катта миқёсдаги эпидемия ва пандемиялар кузатилиши эҳтимолдан йироқ. Негаки, аҳолимизда мавжуд бўлган жамоавий иммунитет мазкур касаллик қўзғатувчисини мамлакатимиз ҳудудига кириб келиб, жуда кенг кўламда тарқалиш хавфини сезиларли даражада камайтиради.
Айни кунгача жаҳонда САРС-CоВ-2 нинг салкам 40 мингта мутацияси қайд этилган. Ўтган даврда улардан фақат 20 га яқини касаллик чақирди, холос. Шу маънода, мутациялардан ваҳима ясаш керак эмас.
Бинобарин, эндиликда коронавирус инфекциясига оғир йўқотишларни келтириб чиқарадиган хавфли патология эмас, балки ЎРВИ ва грипп сингари мавсумий касалликлар сингари муносабатда бўлиш вақти келди.