Тошкент метрополитенига йил якунигача 48 та 2025 йилда эса 56 дона метро вагонлари олиб келинади

Янги вагонлар келиши билан Чилонзор, Ўзбекистон, Юнусобод ва Ер усти ҳалқа йўли йўналишига қўйилади ва поездларнинг оралиқ интервал янада камайтирилади.

Бу ҳақда “Тошкент метрополитени”нинг йўловчиларга йўллаган мурожаатида маълум қилинди.

Қайд этилишича, 2021 йил бир кунда 280-300 минг йўловчига хизмат кўрсатилган бўлса, 2024 йилда бу кўрсатгич 920-930 мингни ташкил қилмоқда. 2024 йил якунигача метродан фойдаланувчи йўловчилар сони бир кунда 1 млнга етиши кутилмоқда.

Йўловчилар сонининг ортиб бориши сабабли юзага келиши мумкин бўлган тирбандликларни олдини олиш ҳамда йўловчиларнинг бир манзилдан бошқа манзилга бориш вақтларини қисқартириш мақсадида сўнгги 3 йилда тиғиз вақтда ҳаракат таркибларининг йўловчи ташиш бўйича оралиқ вақти (интервал) қисқартирилди.

2021 йилгача 36 та поезд ҳаракатланган бўлса, сўнгги 3 йил давомида замонавий турдаги 29 та янги ҳаракат таркиблари харид қилиниб, 2024 йилга келиб, поездларнинг сони 65 тага етказилди.

Шунингдек, 2021 йилда носозликлар ва тўхтаб қолиш ҳолатлари 138 тани ташкил қилган. 2023 йилда бундай ҳолатлар сони 71 та қайд этилиб, 2 баробарга камайишига эришилган. Ҳозирда ушбу ҳолатларни тўлиқ бартараф этиш ва “хавфсиз транспорт” мақомига эришиш чоралари кўрилмоқда.

Жорий йил якунидан бошлаб 48 та ва 2025 йил давомида яна қўшимча 56 дона замонавий метро вагонларини харид қилиш кўзда тутилган. Бунинг натижасида тасарруфдаги ҳаракат таркибларини янгиланишига ҳамда йўналишларда поездлар оралиқ интервалини қисқартиришга эришилади.

Шу билан бирга ҳурматли йўловчиларимиз метрополитендан фойдаланиш қоидаларига амал қилишларини сўраймиз. Ҳаракатланиш вақтида ўзаро ҳурматни сақлаш, поезд ичидаги йўловчилар чиқиб кетгунига қадар кириш учун вагон эшиклари олдида турмаслик, манзилга келгач поезддан чиқиш учун имкон қадар тезроқ ҳаракат қилиш, вагон эшикларига суянмаслик, шахсий буюмларни вагон ва метро ҳудудида қолдирмаслик талаб этилади, — дейилади хабарда.