Энергетика вазирининг иқтисодчи Отабек Бакиров устидан берган шикоят аризаси рад этилди

Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармаси энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудовнинг иқтисодчи Отабек Бакиров устидан шикоят аризаси бўйича жиноят иши қўзғатишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилган.

Бу ҳақда иқтисодчи-блогер ўзининг телеграм каналида маълум қилди.

«Бошқарма қарорига, хусусан, АОКАнинг Энергетика вазири шикоят аризасида кўрсатилган важлар мавжуд эмаслиги ҳақида тегишли экспертиза хулосаси ҳамда шикоятга сабаб бўлган пост ёзилганига 1,5 йилдан кўп вақт ўтганлиги асос қилиб кўрсатилган.

Ички ишлар органларига мазкур иш юзасидан ўтказилган тезроқ суриштирув ва ҳаракатлар учун фуқаровий ташаккур билдираман», – деб ёзиб қолдирган Бакиров.

Эслатиб ўтамиз, бир муддат аввал вазир иқтисодчининг телеграм каналидаги постларнинг бирида ҳақорат ва обрўсизлантириш ҳолатларини кўрган ва шу сабаб юқоридаги ташкилотларга шикоят киритгани хабар қилинган эди.