Ўзбекистонда картошка нархларида кескин қимматлашиш кузатилди. Ўзбек оилаларида иккинчи нон сифатида истеъмол қилинадиган картошка нархлари бўйича рақобат қўмитаси ўрганиш ўтказди, унга кўра бозорларда нархлар 4 000 минг сўмдан 8 000 минг сўмгача этиб белгиланган. Бундан ташқари нархлар кескин ошиши фонида асосий импортчи ҳисобланган Қозоғистон ҳам Ўзбекистонга картошка экспортини 6 ойга чеклаган.
Қозоғистон ҳукуматининг қайд этишича, бундай чора-тадбирлар ички бозорда нархларни барқарорлаштириш ва бозор иштирокчилари томонидан чайқовчиликнинг олдини олиш мақсадида кўрилган. Шунингдек, Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳозирда мамлакатда 2025 йилнинг эрта ҳосилигача ички эҳтиёжни тўлиқ қоплаш учун етарли бўлган картошка захиралари мавжудлигини таъкидлаган. Бундан кўринадики, Қозоғистон ҳукумати ички истеъмолни мониторинг қилган ва аввал ўзимиз кейин бошқалар қабилида иш тутмоқда. Ўзбекистонда йилига қанча картошка истеъмол қилиниши ўрганилганми?
Статистика агентлиги маълумотларига кўра, 2024 йилнинг январь-ноябрь ойларида мамлакатга 627 минг тонна картошка импорт қилинган. Бу ҳажмнинг 74,2 фоизи ёки 465,2 минг тоннаси Қозоғистон ҳиссасига тўғри келади. Бир йил давомида Ўзбекистонда картошка деярли 40 фоизга қимматлаган. 2025 йилнинг январ ойининг дастлабки кунларида эса картошканинг улгуржи нархлари 6 200 сўмдан 7 000 сўмгача яъни 12,9%га кўтарилган.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда йилига 3,6 млн.тонна картошка етиштирилади, 700 минг тонна атрофида картошка импорт қилинади. Ўзбек халқининг нондан кейинги асосий емиши бўлган картошка нархи юқори даражада мавсумий ўзгарувчанликка эга. Кузги картошка экиладиган даврда картошка 2 минг сўмгача арзонлаб кетади, натижада кузги мавсум учун деҳқонлар картошка экмайди. Кейинги йил ҳосилда етишмовчилик сабаб нархларда қимматлашиш кузатилади ва импорт ҳажми ошиб кетади.
Катта эҳтимол билан бу йилги мавсумда картошка нархларида қимматлашиш кузатилгани учун кейинги йил картошка кўпроқ экилади, лекин ҳосил кўплиги ва нархлардаги беқарорлик сабаб картошка нархида арзонлашиш кузатилади. Нарх ошиб, мавзу муҳокамага тушишдан олдин бозорларда нархлар тартибга солинишини керакдир, балки.
Бундан ташқари Рақобат қўмитаси ўрганишлари картошка нархи етарли, хавотирга ўрин йўқ деган маънони беряпти, лекин суҳбатда айтилган рақамлар иккинчи нони картошка бўлган халқ учун жуда кичик кўринади, агар етишмовчилик кузатилса яна эски гап “Биз кўп гўшт истеъмол қилаяпмиз” деб чиқувчилар пайдо бўлиб қолмасмикан?!