Қишлоқ хўжалиги вазирлиги картошка нархининг ошишига яна бир бор изоҳ бераркан, кўрилаётган чора-тадбирлар ва нарх қачондан пасайиши мумкинлиги ҳақида маълумот берди.
Нархлар 12 минггача бормаган
Охирги кунларда ижтимоий тармоқларда картошканинг бир килограмми 12 минг сўмга қимматлашгани ҳақида маълумотлар тарқалмоқда. Аммо Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг мониторинг маълумотларига кўра, Тошкент шаҳридаги Food City бозорида картошканинг ўртача нархи 8 500 сўмни (минимал — 7 500 сўм, максимал — 9 000 сўм) ташкил этади.
Эслатиб ўтамиз, январь бошида минимал ва максимал нархлар 3 500 ва 6 500 сўмни ташкил қилган, яъни ой давомида нархлар 1,4−2,1 баробар ошган.
Тошкент бозорларидаги вазият
Ҳудудлардаги имтиёзли қишлоқ хўжалиги ярмаркаларида картошканинг бир килограмми 5−6 минг сўмдан сотилмоқда. Тошкентнинг йирик бозорларида нархлар турлича:
9 000 сўм — «Авиасозлар», «Қўйлиқ», «Миробод», «Юнусобод» бозорлари;
10 000 сўм — «Сергели», «Фарҳод», «Чилонзор», «Эски жува», «Қорақамиш», «Аския», «Олой» бозорлари.
Нега нархлар кўтарилмоқда?
Картошка нархи ошишига кузда такрорий экилган майдонлардан етарлича ҳосил олинмагани сабаб қилиб кўрсатилмоқда.
Ўзбекистонда йилига икки марта картошка етиштирилади:
январь-мартда экилса — апрель-июлда ҳосил беради;
июнь-июлда экилса — ноябрь-апрелда ҳосил беради.
Ноябрь-апрель ойларидаги талабни қоплаш учун 1,7 миллион тонна картошка зарур бўлса, амалда атиги 1 миллион тонна ҳосил олинган, бу эса талабнинг атиги 44 фоизини қоплайди.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, шуниндек, ишлаб чиқариш харажатларининг ошишини ҳам қайд этди. Хусусан, уруғлик, ўғит, ёқилғи ва бошқа ресурслар нархи ўсган.
1 гектар картошка етиштириш 55−60 миллион сўмни ташкил этади, бу бошқа экинларникидан 2−2,5 баробар кўп. Сўнгги тўрт йил ичида картошка нархи 173% ошган. Бу қуйидаги ресурсларнинг ўсиши билан боғлиқ:
Азотли ўғит — +173%;
Калийли ўғит — +175%;
Кимёвий воситалар — +202%;
Дизель ёқилғиси — +178%;
Механизация хизматлари — +170%;
Электр энергияси — +180%.
Шунингдек, ўтган йилдан бошлаб сувдан фойдаланганлик учун солиқ ва ҚҚС қўшилди, бу эса картошканинг нархини қўшимча оширди.