2025 йилнинг ўтган даврида 848 туп дарахт ноқонуний кесилган — Бош прокуратура

Мораторий жорий этилгунга қадар бўлган даврга нисбатан бу каби қонунбузарликлар 60 фоизга камайган.

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, 2025 йилнинг ўтган даврида республика бўйича 848 туп дарахт ноқонуний кесилиб, табиатга жиддий зиён етказилган. Ҳар бир ҳолатда айбдор шахсларга нисбатан қонунга мувофиқ жазо чоралари қўлланилган.

Масалан, жорий йилнинг 13 февраль куни Фарғона вилояти Қўқон шаҳри, «Зилол« МФЙ, Ҳуқандий мавзесидаги бир неча ўн йиллик чинор дарахтига қасддан шикаст етказилди.

Икки нафар шахс ушбу дарахтни йўқ қилишга уриниш давомида экология ва ички ишлар органлари ходимларига қаршилик кўрсатиб, уларни ҳақоратлашган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 198-моддаси (Экинзорларни, ўрмонларни, дарахтларни ёки бошқа ўсимликларни шикастлантириш ёхуд нобуд қилиш) ва бошқа моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди.