АОКАда Судьялар олий кенгашининг 2024 йилдаги фаолияти сарҳисобига доир матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Қайд этилишича, 2024 йилда кенгаш томонидан судьялик лавозимига танлаш ва тайинлаш бўйича ўтказилган очиқ танловлар натижасида 783 нафар номзод тавсия этилган лавозимга муносиб, деб топилди.
Уларнинг 142 нафари судялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига, 146 нафари ўн йиллик муддатга, 5 нафари муддатсиз даврга, 250 нафари ваколати муддати даврига қайта тайинланган. Судьялик лавозимида бўлишнинг биринчи беш йиллик муддатига тайинланганларнинг барчаси кенгаш ҳузуридаги Судьялар олий мактаби битирувчилари ҳисобланади.
2025 йил 1 январдан суд тизимида янги институт — жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судларида тергов судьялари иш бошлади. Шунга мувофиқ, 2024 йилда ушбу лавозим учун 240 та тайинлов ҳам амалга оширилди.
2025 йилнинг 20 февраль ҳолатига тизимда 1 минг 518 нафар судья фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг 500 нафари (32,9 фоиз) ушбу лавозимда бўлишнинг биринчи беш йиллик, 964 нафари (63,5 фоиз) ўн йиллик муддатга, 54 нафари (3,6 фоиз) муддатсиз даврига тайинланган (сайланган).
2024 йилда аёл судьялар 34 нафарга кўпайиб, жами 225 нафарга етди (15 фоиз). Уларнинг 22 нафари раҳбар судьялик лавозимларига тайинланган. Аёл судьяларимизнинг 3 нафари Халқаро аёл судьялар ассоциацияси аъзоси ҳисобланади.
2024 йилда 40 нафар судьянинг ваколати муддатидан илгари тугатилди. Уларнинг 19 нафари ўз аризасига кўра, 11 нафари судьялик қасамёдини, 10 нафари Судьялар одоби кодекси талабларини бузгани учун лавозимидан озод қилган.
Судьяларнинг дахлсизлигини таъминлаш, уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашувлар бўйича Бош прокуратурага 5 та тақдимнома киритилди. Бунинг натижасида 3 та жиноят иши қўзғатилди, 2 ҳолат ўрганилмоқда. Шунингдек, 10 нафар судяга нисбатан етарли асосларсиз қўлланган интизомий жазо чораларини бекор қилиш юзасидан тегишли малака ҳайъатига тақдимнома киритилди.