Энерготарифлар ислоҳоти: давлат кимларга ёрдам беради?

Энергетика соҳасидаги ислоҳотлар даврнинг тақозоси, амалга ошириш зарур бўлган чора-тадбирлардир. Бунга жамиятда эҳтиёж, талаб шаклланган, соҳадаги мавжуд вазият ҳам бундан далолат бермоқда.

Чунки ҳаммага қишда иссиқ, ёзда салқин уй, офис керак. “Кондиционер”лар ишлаб туриши, “кулерлар” совутиб, “иситггичлар” иситиши ҳамда бу жараёнлар барқарор ва узлуксиз бўлиши лозим.

Ушбу жараёнда ижтимоий давлат сифатида фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси ҳақида қайғуриш ва янги нархларга ўтишда аҳолининг кам таъминланган қисмига ғамхўрлик қилишни давлат ўз зиммасига олмоқда.

Президент томонидан яқинда имзоланган “Ёқилғи-энергетика соҳасида бозор механизмларини жорий этишда эҳтиёжманд аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорни ҳам бунинг яққол намунаси, дейиш мумкин.

Қарор номидан кўриниб турибдики, давлат томонидан аҳолининг кам тахминланган қисмини ушбу жараёнда қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган.

Кимларга компенсация берилади?

Президент қарорига кўра, “Ижтимоий ҳимоя миллий реестри” тизими орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи ва “Камбағал оилалар реестри”га киритилган оилаларга энергия ошиши муносабати билан компенсациялар тўлаб берилади.

Бундан ташқари, ушбу реестрларга киритилмаган, мол мулки бўйича кам таъминланган оилалар мезонларига тўғри келувчи, бироқ ойлик даромади жон бошига тахминан 1 млн сўмдан ошмайдиган оилаларга ҳам компенсация назарда тутилган.

Яъни агар оила маълум сабабга кўра реестрларга киритилмаган бўлса ҳам, ойлик даромади белгиланган миқдордан кам бўлса ва мол мулки бўйича кам таъминланган оилалар мезонларига тўғри келса компенсация олишга ҳақли.

Кўриниб турганидек, шунчаки бюрократияга берилиб, фақат реестрлардаги оилаларга ёрдам бериш билан чекланилмаяпти, балки ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни кенг ва тўлиқ қамраб олиш ва шу қатламга кирувчиларга компенсация тўлаш мақсад қилинган. Бу ижтимоий адолатнинг яққол кўринишидир.

Қанча миқдорда компенсация берилади?

Қарорда қуйидаги компенсациялар ва бир марталик тўловлар назарда тутилган.

(а) электр энергияси истеъмоли учун – ойига базавий меъёрдан 150 кВт соатгача;

(б) табиий газ истеъмоли учун – иситиш мавсумида ойига базавий меъёрдан 250 куб метргача, бошқа даврларда ойига базавий меъёрдан 150 куб метргача ортиқ фойдаланилган қисми компенсация қилиб берилади. Бунда баъзавий меъёрдан ортиқ фойдаланилган қисмнинг тўлиқ суммаси эмас, базавий меъёр доирасидаги ҳамда базавий меъёрдан ошган нархлар ўртасидаги фарқ компенсация қилинади.

Масалан, рўйхатга киритилган оила иситиш мавсумида бир ойда 750 куб метр газ истеъмол қилди. Бунда 500 куб метр ижтимоий норма учун ҳар куб метрига 1000 сўмдан тўлайди. Қолган 250 куб метр учун ҳар куб метрига 1800 сўмдан тўлаши керак. Давлат томонидан шу 250 куб метрнинг ҳар куб метрига 800 сўмдан давлат томонидан компенсация берилади.

Бундан ташқари, Қарорга асосан 2025-2026 иситиш мавсуми учун 2025 йилнинг ноябрь ойида қуйидаги оилаларга 1 миллион сўмдан бир марталик моддий ёрдам ажратилади:

— “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали болалар нафақаси ва моддий ёрдам олувчи оилалар;

— “Камбағал оилалар реестри”га киритилган оилалар;

— қўшимча равишда “маҳалла еттилиги” хулосаси асосида Реестрларга киритилмаган, бироқ камбағалликка тушиш хавфи бўлган оилаларга.

Бунинг учун “маҳалла еттилиги” хулосаси асосида Реестрларга киритилмаган, бироқ ёрдамга муҳтож оилаларнинг қўшимча рўйхати шакллантирилади.

“Маҳалла еттилиги” томонидан қўшимча рўйхат шакллантирилишида биринчи навбатда қуйидаги оилаларга устуворлик берилади:

  • боқувчисини йўқотган оилалар,
  • аъзолари I ёки II гуруҳ ногирони бўлган шахслардан иборат бўлган оилалар,
  • ногиронлиги бўлган болаларни парваришлаётган оилалар,
  • узоқ муддатли даволанишни талаб этадиган касалликлар билан касалланган шахслар яшовчи оилалар,
  • ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз яшовчи шахслар ҳамда ёлғиз яшовчи кексалар ва ногиронлиги бўлган шахслар,
  • уч ва ундан ортиқ оила яшайдиган хонадонларда ҳамда газ таъминоти бўлмаган ва марказлаштирилган тартибда иситилмайдиган кўп қаватли уйларда яшовчи оилалар.

Қўшимча равишда шакллантириладиган рўйхатдаги оилалар сони Реестрларга киритилган оилалар сонининг 40 фоизидан ошмаслиги лозим.

Кўриниб турганидек, шунчаки бюрократияга берилиб, фақат реестрлардаги оилаларга ёрдам бериш билан чекланилмаяпти. Ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламни кенг ва тўлиқ қамраб олиш ва шу қатламга кирувчиларга компенсация тўлаш мақсад қилинган. Бу ижтимоий ҳимояни таъминлаш бўйича давлат ўзининг муҳим функциясини бажараётгани, ижтимоий адолат принципини таъминлаётганининг яққол кўринишидир.

Хулоса

Ижтимоий давлат ўз фуқаролари учун ғамхўр, уларни муаммолари билан ёлғиз қолдирмайдиган, ҳамиша улар ҳақида қайғурадиган давлатдир. Президентнинг мазкур қарори Ўзбекистонда халқ манфаати йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ижтимоий давлат концепциясига мувофиқлигини яна бир бор исботлайди.

Машҳура Юнусова