Шу кунларда ижтимоий тармоқларда Навоий шаҳар кўп тармоқли поликлиникасида шифокорлар штати қисқартирилаётгани, дерматолог, травматолог ва стоматологларга ишдан бўшаш ҳақида ариза ёзиш буюрилаётгани, ваҳоланки, ҳудудда аҳоли сонига нисбатан шифокор ва ҳамширалар етарли эмаслиги ҳақида хабарлар тарқалди. Мазкур ҳолат Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан атрофлича ўрганилди.
Аввало шуни таъкидлаш лозимки, бугунгача юртимиздаги барча бирламчи тиббий-санитария ёрдами (БТСЁ) муассасаларида шифокорлар учун юкламалар турлича тақсимланиб келинган. Мисол учун, қишлоқ ҳудудида 1 нафар шифокорга 2000 нафар аҳоли тўғри келган бўлса, шаҳар ҳудудида 1 нафар шифокорга 1500 нафар аҳоли бириктирилган.
Шунингдек, туман ва шаҳарларда тиббий хизматлар сифати борасида ҳам катта тафовут бўлиб, бу ҳолат ўз-ўзидан олис қишлоқ ҳудудларида яшаётган фуқароларга ихтисослашган амбулатор тиббий хизмат кўрсатиш имконини бермаган. Шу боис, Президентимизнинг 2020 йил 12 ноябрдаги “Бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасалари фаолиятига мутлақо янги механизмларни жорий қилиш ва соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларининг янгиланган штат нормативларини ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш белгиланди.
Қолаверса, давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 5 майдаги “Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш ва тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш тўғрисида”ги фармонига кўра, оилавий шифокор пунктлари, оилавий поликлиникалар ҳамда туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари эҳтиёжидан келиб чиқиб, уларнинг янгиланган штат нормативларини тасдиқлаш топширилди.
Шу билан бирга, оилавий шифокор пунктлари ва оилавий поликлиникаларда “тиббиёт бригадалари” фаолиятини йўлга қўйиш, шунингдек, туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникалари томонидан аҳолига сифатли тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини янада кенгайтириш мақсадида жорий йил 1 июлдан бошлаб 10 мингта, 2022 йил 1 январдан бошлаб эса яна қўшимча 10 мингта ўрта тиббиёт ходими штати ажратилиши кўрсатиб ўтилди.