Қашқадарёда бюджет маблағи қонунга зид сарфлангани учун бир ҳоким ўринбосари «Ҳайфсан» олди, қолгани шунчаки огоҳлантириш билан қутулди

Сал аввал 5 та ҳудудда маҳаллий бюджетнинг захира маблағини сарфлашда Халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашлари розилиги сўралмагани, аниқроқ айтганда, пул ҳоким фармойиши билан ишлатиб бўлиниб, кейин номига рухсат олингани ҳақида хабар тарқалганди. Гап Ғузор (3 млрд. 651 млн. сўм), Миришкор (1 млрд. 576 млн. сўм), Касби (830,5 млн. сўм), Чироқчи (324 млн. сўм) туманлари ва Қарши (3 млрд. 512,9 млн. сўм) шаҳри ҳақида бормоқда. Бу ҳолат Олий Мажлис Сенати шу йил сентябрь ойида ўтказган ўрганиш натижасида аниқланган.

Аҳамиятлиси, Халқ депутатлари Қашқадарё вилояти Кенгашида бу масала алоҳида кўриб чиқилган. Кенгашнинг 26 октябрь санасидаги қароридан шу нарса англашилади. Ҳужжат аввалида вилоятда иқтисодий соҳадаги ўсиш тилга олинган, масалан, ҳудудий ялпи маҳсулот ҳажми ошгани, бюджетга тушум кўпайгани ва ҳоказо. Аммо асосий масала бошқа бўлгани ҳолда булар нега эслангани тушунарсиз.

Мақсадга ўтсак. Хуллас, юқорида номлари зикр қилинган ҳудудларда бюджетнинг ошириб бажарилган даромадлари ҳисобидан (нима бўлганда ҳам бу халқ пули) тегишли маблағлар аввал ҳоким фармойиши билан сарфлаб юборилган. Сўнгра эсдан чиққан расм-русумни ҳам бажариб қўйиш учун вақт ўтиб маҳаллий кенгашга “масала” қўйилган. Балки депутатлар ҳоким кўзда тутган мақсадларга маблағ сарфлашга розилик бермаслиги ҳам мумкинмиди?! Тағин ким билсин.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши бу вазиятда қандай қарор чиқаргани бизга кўпроқ қизиқ. Ҳисоботи сессия кун тартибидаги масалага тўлиқ мос келмагани ва камчиликларга йўл қўйгани учун мазкур ҳудудлар ҳокимларнинг биринчи ўринбосарлари (эътибор беринг, ўзбошимчалик билан пул сарфлашга фармойиш берган ҳоким эмас, балки биринчи ўринбосар) (Қарши шаҳри – Ж.Раҳмонқулов, Ғузор тумани – Л.Худойқулов, Миришкор тумани – А.Сариқов , Касби тумани – М.Жўраев, Чироқчи тумани – Э.Бобоқулов) охирги марта огоҳлантирилган. Уларнинг ишда қолиш-қолмаслиги масаласини кўриб чиқиш ҳам белгиланган.

Яна шунингдек, Касби тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари М.Жўраевга “Ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўллаш бўйича таклиф бериш сўралган. Демак, бошқалар фақат “огоҳлантириш” билан қутулган. Қани бу ерда мантиқ?

Боз устига табиий бир савол туғилади: нега энди фармойиш чиқариш ваколатига эга ҳоким қолиб, унинг ўринбосарлари жазоланяпти. Қолаверса, аввал розилик олмай, сарфланган маблағлар бир неча миллиард сўм экани инобатга олинса, бу ҳолат кўп бора такрорланганига ҳам шубҳа қолмайди.

Умуман олганда, бюджет маблағи “якка” ҳокимлик усулида сарф этилишини ҳеч ҳам оқлаб бўлмайди барибир. Агар биринчи раҳбар халқ пулини ўз билганича тасарруф этса, унда халқ сайлаб қўйган депутатлардан иборат маҳаллий Кенгашлар нега ва кимга керак?! Акс ҳолда “Жамоатчилик назорати” дегани баландпарвоз сўздан бошқа нарса бўлмай қолади.