“Кунингдан бир кун қолса ҳам, ош е”. Ўзбек паловининг нархлари ҳудудлар кесимида қандай?

Ўзбек халқида ажойиб бир мақол бор, “Кунингдан бир кун қолса ҳам, ош е, пулингдан бир сўм қолса ҳам ош е”.
Ҳозир тўйларимиз, “гап”ларимиз ошсиз ўтмайди, талабалар ўртасида ҳам “ош ташкиллаштириш” алоҳида маросимдек ўтади.
Юртимизда ҳудудларга қараб, палов тайёрлаш жараёнлари турлича. Самарқандда гуруч ва сабзиси алоҳида-алоҳида қилиб, сузилади, Жиззах оши ҳам юртдошларимиз, воҳа аҳли орасида ўзгача ҳурматга эга. Ривоятларда келтирилган Самарқанд нонини бошқа жойда тайёрлаб бўлмаганидек, воҳа, водий ошлари ҳам бир-бирини такрорламайди, ҳар бир ҳудудга оид паловлар қайсидир жиҳати билан кишилар ёдида қолади.

Реалликка қарайдиган бўлсак, Ўзбекистонда палов арзон овқатлар сирасига киради, ҳар бир ҳудуд бўйича статистика билан ўртоқлашамиз:

Қорақалпоғистон Р. – 15 700 сўм
Андижон вилояти – 17 600 сўм
Бухоро вилояти – 21 300 сўм
Жиззах вилояти –19 000 сўм
Қашқадарё вилояти – 20 300 сўм
Навоий вилояти – 15 300 сўм
Наманган вилояти – 14 700 сўм
Самарқанд вилояти – 20 000 сўм
Сурхондарё вилояти – 19 600 сўм
Сирдарё вилояти – 18 700 сўм
Тошкент вилояти – 19 500 сўм
Фарғона вилояти – 17 000 сўм
Хоразм вилояти – 19 400 сўм
Тошкент шаҳри – 24 300 сўм

Кўриниб турибдики, республикамиз бўйича энг арзон ош марказлари Наманган вилоятида жойлашган, унга кўра, ўртача бир порция ош нархи 14 700 сўмга тенг.
Энг қиммат ҳудуд эса, Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда, яъни бир порция паловнинг нархи 24 300 сўмга тенг.
Тошкент шаҳри ўз номи билан пойтахт шаҳар, озиқ-овқат маҳсулотлари, мева-сабзавотларнинг нархлари бошқа вилоятларга қараганда фарқ қилади, паловнинг нархи юқорилигини ҳам шу сабаб билан изоҳлашимиз мумкин, деб ўйладик.

Қай ерда бўлмайлик, ўзбек паловининг қадр-қиммати ошса ошадики, зинҳор тушмайди.

Сиз ҳам ўрнингиздан туринг-да, зиғир ёғида пиширилган ошни оилангиз кечки дастурхонига тортиқ қилинг.

Муаллиф: Зайниддин Норқувватов