Ноҳақ судланган фуқаро 6 йилдан кейин оқланди

Фарғона вилояти судининг 2021 йил 25 ноябрдаги ажримига биноан ноҳақ айбланган фуқаро Рустамжон Мамадалиев оқланди.

Маълум бўлишича, аввалига у жиноят ишлари бўйича Бувайда туман судининг 2015 йил 13 майдаги қарори билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 195-моддасига асосан 15 сутка маъмурий қамоқ жазосига тортилади.

Mаъмурий жазо муддати тугагач, Р. Мамадалиев бир сутка мобайнида туман ИИБ биносида ушлаб турилади. Эртаси куни — 2015 йил 29 майда Жиноят кодексининг 273-моддаси 5-қисмига биноан гумон қилинувчи тариқасида қамоққа олинади.

Дастлабки тергов органи томонидан қўйилган айбловга кўра, Р. Мамадалиев 2014 йил октябрь ойи бошларида Бувайда тумани ИИБ жиноят қидирув ва уюшган жиноятчиликка қарши курашиш бўлинмаси тезкор вакили Азизбек Юнусов билан ўзаро жиноий тил бириктиради. Натижада Р. Мамадалиев дала майдонида ўсган наша ўсимлигининг танаси ва баргларидан узиб олиб, келгусида сотиш мақсадида А. Юнусовга берган. Тезкор вакил ушбу гиёҳвандлик воситасини хизмат хонасида сақлаб келган. Сўнг 2014 йил октябрь ойи ўрталарида Ўктам Рўзиқуловга кўп миқдордаги «марихуана» гиёҳвандлик воситасини қонунга хилоф равишда 50 000 сўмга сотган.

Шундан сўнг ҳар иккала шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлабки тергов якунлангач, Р. Мамадалиев жиноят ишлари бўйича Қўштепа тумани судининг 2015 йил 15 сентябрдаги ҳукмига асосан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинади.

А. Юнусовга ҳам ушбу жиноят иши бўйича суднинг жазо тайинланган. Жиноят ишлари бўйича Фарғона вилояти суди кассация инстанциясининг 2018 йил 15 майдаги ажрими билан у айбсиз деб топилиб, оқланган.

А. Юнусов оқланганидан сўнг Р. Мамадалиевнинг ҳимоячиси судга апелляция шикоятини тақдим қилади. Апелляция инстанцияси судида Азизбек Юнусов гувоҳ сифатида иштирок этиб, жисмоний ва руҳий тазйиқлар остида дастлабки тергов ва биринчи босқич судида Р. Мамадалиевни айблашга қаратилган ёлғон кўрсатмалар беришга мажбур бўлганини маълум қилади.

Жиноят-процессуал кодексининг 83-моддасида иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса, унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса, унинг содир этилган жиноятга дахли бўлмаса, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи айбсиз деб топилиши ва реабилитация этилиши лозимлиги белгиланган.

Шунга кўра, Фарғона вилояти суди жиноят ишлари бўйича Қўштепа тумани судининг 2015 йил 15 сентябрдаги ҳукмини бекор қилиб, Р. Мамадалиевни айбсиз деб топди ва оқлади.