«Бухорода 14 ёшли мактаб ўқувчиси аммасининг ўғлидан фарзандли бўлди«, деб ёзмоқда Дарё нашри.
Таъкидланишича, Жондор тумани халқ таълими бўлими мудири Латофат Жўраеванинг сўзига кўра, 2008 йилда туғилган Ш.М. Бухоро шаҳрида яшовчи аммаваччаси Р.Т. билан ишқий муносабатда бўлиб юрган. Бир неча йил илгари ўрта мактабни тугатган Р.Т. ишлаш учун Россияга ҳам қатнаб юрган. Хабарда айтилишича, у қизнинг ёш ва соддалигидан фойдаланган.
«Мактабнинг собиқ директори О.Қ. 7-синф ўқувчиси Ш.М.нинг хатти-ҳаракатидан шубҳаланган. Шундан сўнг қизнинг ота-онаси мактабга чақиртирилган ва ҳолат очиқланган. Оила эса ибратли, маҳаллада ҳурмат топган хонадонлардан бири. Афсуски, ҳатто, ота-онаси ҳам қизининг ҳомиладорлигидан бехабар бўлган. Тўғриси, онаизорнинг ҳолатини тасвирлаб бериш менга осон эмас», — дейди Латофат Жўраева.
Мактаб директори Ф.Т. ҳомиладор ўқувчисининг 13 декабр куни кечқурун Бухоро шаҳридаги Перинатал марказида фарзандли бўлганини билдирган.
Бухоро вилояти ИИБнинг маълум қилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 128-моддаси (16 ёшга тўлмаган шахс билан жинсий алоқа қилиш) 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Деярли кун ора эшитамиз: кимдир хотинини ўлдириб қўйибди, вояга етмаган қизни зўрламоқчи бўлибди…. Aфсуслар бўлсинки, жамиятимизда аёллар мавзуси ҳалигача долзарб муаммолар қаторида қолмоқда.