Заправкаларда Аи-80 маркали бензин бўлмаса-да, нархи 6500 сўм экани ёзилган бўлиши шарт

​​Қаршидаги заправкаларда Аи-80 бензинининг номи ва нархи бор, аммо ўзи йўқ. «Ўзбекнефтгаз» масъуллари эса буни инкор этмоқда

«Ўзбекнефтгаз» АЖга қарашли АЁҚШларда 17 декабрдан эътиборан Аи-80 маркадаги бензин 6890 сўмдан арзонлаштирилиб, ҳар бир литри учун 6500 сўмдан сотувга чиқарилгани ҳақида хабар берилганди.Маълумотига кўра, вилоятдаги «Ўзбекнефтгаз» АЖга қарашли мавжуд тўртта заправканинг учтасида Аи-80 маркадаги бензин нархи ва номи бор, аммо бензиннинг ўзи йўқ.

Қайд этилишича, Қарши шаҳридаги «Ўзбекнефтгаз» АЖга қарашли АЁҚШларда, жумладан, Шароф Ғаниев масъуллигидаги икки заправкада Аи-80 бензини 6500 сўм экани ёзилган. Бироқ заправкада мазкур маркадаги бензиннинг ўзи йўқ. АЁҚШдан 50 метр нарида эса айнан шу маркадаги бензин «қўлда» 7000 сўмдан сотилмоқда. Таъкидланишича, Шаҳрисабздаги АЁҚШ ҳам шу аҳвол ва ушбу заправка аксар ҳолларда ёпиқ бўлади.

«Бу муаммони сиз ёки мен ҳал этолмаймиз. Бу жуда катта муаммо», — дейди Қаршидаги «Ўзбекнефтгаз» АЖга қарашли АЁҚШларга раҳбарлик қилаётган Шароф Ғаниев.

Мазкур муаммони ёритмасликни маслаҳат берган Шароф Ғаниевнинг айтишича, Аи-80 бензини уларга айнан Тошкент шаҳридан олиб келинади. Халқ тилида «Жайҳун» номи билан машҳур бўлган «Ўзбекнефтгаз» АЖга қарашли учинчи заправкага эса ёқилғини «Қарши нефть базаси» МЧЖ етказиб беради. Шу боисданми бу заправкада аҳён-аҳёнда Аи-80 бензинини 6500 сўмдан топиш мумкин.

Шароф Ғаниевнинг сўзларига кўра, Аи-80 бензини уларга етарли даражада етказиб берилмаяпти. Шу сабаб ҳам унинг раҳбарлигидаги ҳар икки заправкада арзон маркадаги бензинни топиш амримаҳол.

Мазкур ҳолатга муносабат билдирган «Ўзбекнефтгаз» АЖ ахборот хизмати раҳбари Сиёвуш Ҳошимов нафақат Қашқадарёдаги, балки барча вилоятлардаги «Ўзбекнефтгаз» АЖ заправкаларига ҳар куни етарлича, талаб қилинган миқдордаги Аи-80 маркали арзон бензини етказиб берилмоқда.

«Бу борада бизда муаммо йўқ. ‘Ўзбекнефтгаз’ АЖга қарашли Қарши шаҳридаги учта, Шаҳрисабз шаҳридаги 1 та заправкага 3 мингдан 7 минг литргача Аи-80 маркали арзон бензин етказиб берилмоқда. ‘Қарши нефть базаси’ МЧЖга қарашли ‘Жайҳун’ заправкасига эса бундан ҳам кўп, чекланган миқдорда Аи-80 маркали ёқилғи етказиб берилмоқда», — дейди Сиёвуш Ҳошимов.

«Ўзбекнефтгаз» АЖ ахборот хизмати раҳбарининг қўшимча қилишича, Қарши шаҳридаги заправкаларда Аи-80 маркали бензин бўлмаса-да, нархи 6500 сўм экани ёзилган бўлиши шарт.

«Биз нархни назорат қилиш мақсадида шундай талаб қўйганмиз. Яъни Аи-80 маркали бензин ҳатто тугаб қолган бўлса ҳам, унинг 6500 сўм экани, нархнинг тушгани ёзилиб туриши керак. Боиси Аи-80 маркали бензин шу нархдан юқори бўлмаслиги лозим», — дейди Сиёвуш Ҳошимов.

Исми сир қолишини истаган яна бир масъулнинг, «Ўзбекнефтгаз» АЖга қарашли АЁҚШ масъулларидан бирининг айтишича, Аи-80 бензининг нархини арзон қилиш бу маҳсулотнинг сунъий тарзда камайишига олиб келган.

«Нархни мажбуран арзон қилиш билан иш битмайди. Фалон сўмда сотасан дейишсаю, у нарх қопламаса. Яъни Тошкентдан шу маркали бензинни олиб келиш харажатлари ошиб кетса, қандай қилиб арзон нархда сотиш мумкин», — дейди бу ҳақда гапирган масъул.

«Ўзбекнефтгаз» АЖга қараши заправкадан 50 метр нарида Аи-80 бензинини 7000 сўмдан исталганча топиб беришини маълум қилган суҳбатдошлар ҳам тингланган.

«Тирикчилик, ака, шу бензинга талаб бор», — дейди арзон бензинни бошқа заправкадан олиб келиб, «Ўзбекнефтгаз» АЖга қараши заправка олдида сотаётган ҳайдовчи.

Аниқланишича, вилоятдаги мавжуд хусусий заправкаларда Аи-80 маркали бензин 7000 сўмдан 7800 сўмгача бўлган нархларда сотилмоқда.