Бундан 23 йил аввал Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасида ҳукуматнинг 1998 йилдаги фаолияти ҳисоботига бағишланган ва давлат раҳбари Ислом Каримов иштирок этиши режалаштирилган йиғилишда
содир этилган илк портлаш кўпгина аҳолинг ёдида қолган бўлиши, шубҳасиз.
Бу портлашлардан кейин хавфсизликни сақлаш идоралари, ички ишлар ва ўт ўчириш хизматлари воқеа жойларига етиб келишиб ва ўз бурчларини фидокорона адо этишга киришгани маълум.
Тошкентнинг турли ҳудудларида, жумладан, Мустақиллик майдони, Ички ишлар вазирлиги ва Миллий банк бинолари ёнида 6 та кучли портлашлар рўй берган. Ўзбекистон тарихига ёзилган ўша қонли кунда 16 та инсон ҳалок бўлган, юзлаб инсонлар яраланган.
Гарчи орадан шунча вақт ўтса-да, Тошкентдаги 16 феврал портлашларида иштирок этган 55 ёшли шахс ушланганлиги ҳақида хабар бермоқда Давлат хавфсизлик хизмати.
«Ўзбекистон ҳудудида террористик жиноятларни содир этганлиги учун 23 йилдан буён қидирувда бўлган У.С. хорижда ушланиб, Ўзбекистонга олиб келинди”, дейилади хабарда.
Хусусан, 1967 йил Тошкент вилоятида туғилган “У.С.” 1998 йилда Чеченистонда жанговар тайёргарликдан ўтиб, 1999 йилнинг 16 феврал куни Тошкент шаҳрида амалга оширилган қўпорувчилик ҳаракатларида иштирок этади ва ўша йилнинг март ойида айланма йўллар орқали хорижга чиқиб кетади.
Бундан ташқари, “У.С.” иорданиялик Амир Хаттоб томонидан Чеченистонда ташкил этилган жангариларни тайёрлаш лагерларига “Туркистон ислом ҳаракати” халқаро террористик ташкилотининг Ўзбекистондан бўлган аъзоларини жўнатиш билан ҳам шуғулланган.
Таъкидлаш лозимки, “У.С.” 2001 йилнинг ноябр ойида бошқа шахснинг номига расмийлаштирилган сохта ҳужжатлар асосида МДҲга аъзо давлатлардан бирининг фуқаролигини олиб, ўша мамлакат ҳудудида яшириниб юрган.
Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг чет эл махсус хизматлари билан ҳамкорликда олиб борган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида “У.С.” ҳибсга олинди.
Ҳозирда унга нисбатан қўзғатилган жиноят иши доирасида тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Орадан шунча вақт ўтди, вафот этганларнинг яқинлари айрилиққа кўникишди, барбод этилган бинолар тикланди, жабрланганлар соғайди, эҳтимол бу воқеа кимлар учундир унут бўлиб ҳам кетгандир… Бироқ қачон, қаерда, қандай вазиятда бўлмасин жиноят учун жазо муқаррар. Энди айбланувчи фуқаро шунча вақт ватангадоликда, тутқунликда яшаган бўлса, қолган умрини эса панжара ортида ўтказишига тўғри келади.