Андижонда ИИБ ходимлари уюшган жиноий тўда томонидан тошбўрон қилингани ростми?

Жорий йилнинг 1-феврал куни ижтимоий тармоқларда “ИИБ ходимлари маҳалланинг уюшган жиноий тўдага айланган фуқаролари томонидан тошбўрон қилинди” сарлавҳали видеохабар тарқалган.

Ушбу видеохабарда Андижон вилояти, Балиқчи тумани, Алам маҳалласида содир бўлган ҳолат баён этилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилояти ИИБ ахборот хизмати расмий муносабат билдирди.

Маълум қилинишича, Балиқчи тумани, Аълам МФЙда яшовчи А.Б туман Сувоқава ташкилотига тегишли бўлган сув қазиб чиқариш иншооти ва ҳудудини ўзининг томорқасига ноқонуний қўшиб олганлиги ва девор билан ўраб олганлиги, агар сув иншооти носоз ҳолга келса, таъмирлаш учун келган фуқароларни бу ҳудудга ўтишга тўсқинлик қилаётганлиги учун маҳалла аҳолиси билан ушбу оила ўртасида низо юзага келган.

Мазкур масала, Фуқаролик ишлари бўйича Избоскан тумани судида ўтган 2021 йилнинг 28 май куни кўриб чиқилиб, маҳалла аҳолиси фойдасига ҳал этилган. Ушбу ноқонуний қурилган бинони бузиш учун суд томонидан муддат белгиланган.

МИБ ҳамда туман мутасадди раҳбарлари томонидан ушбу қарорга асосан A.B.ga ноқонуний қурилишни бузиш кераклиги тушунтирилган бўлсада, у томонидан бунга қаршилик қилиниб, девор бузилмаган.

2022 йилнинг 28 январ куни мажбурий ижро бюроси ходимлари суд қарорига асосан А.Б.нинг хонадонига сув қудуғи ҳудудидаги ноқонуний қурилган деворни бузиш учун ижрога борган вақтларида, А.Б ва унинг бирга яшовчи ўғли Р.Ш, келини Й.Г.лар билан маҳалла аҳолиси ўртасида низо келиб чиқиб, оқибатда маҳаллада яшовчи бир неча фуқаролар томонидан А.Б.нинг деворига тош отилган ва бу ҳолат дарҳол ИИБ ходимлари томонидан бартараф этилган.

Отилган тошлар у ерда бўлган ИИБ ёки бошқа мутасадди ташкилот ходимларга ёҳуд фуқароларга қаратилмаган ва уларга тегмаган.

Айни вақтда ҳолат юзасидан Балиқчи тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Текширув якунига кўра, ҳуқуқбузарлик содир этган шахслар аниқланган тақдирда, уларнинг хатти-ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади, дейилади расмий хабарда.