СВВ навбатдаги тайинловни эълон қилди

Соғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Абдуллаева Муаттархон Илесовна Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғининг оналик ва болаликни муҳофаза қилиш ҳамда репродуктив саломатлик бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар берди.

М. Абдуллаева 1997 йил 1-Тошкент давлат тиббиёт институти (ҳозирги Тошкент тиббиёт академияси)ни тамомлаб, ўз иш фаолиятини Ангрен шаҳар шифохонасида врач-терапевт сифатида бошлаган. Кейинчалик Тошкент шаҳри Миробод туманидаги 3-сон оилавий поликлиника бош шифокори лавозимида меҳнат қилган.

У 2021 йил Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли Фармонига мувофиқ II даражали “Саломатлик” ордени билан мукофотланган.Тажрибали шифокор 2017 йилдан ҳозирга қадар Яшнобод туман тиббиёт бирлашмаси бош шифокори лавозимида фаолият юритиб келаётган эди.

Эслатиб ўтамиз, бироз аввал, Сатвалдиев Нодиржон Абдувахидович Тошкент шаҳар соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғининг тиббий ёрдамни ташкиллаштириш бўйича биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи этиб тайинлангани ҳақида хабар берган эдик.