Болани таёқсиз тарбиялаб бўлмайдими?

Болаларга нисбатан зўравонлик, 18 ёшгача бўлган одамларга нисбатан ота-оналар ёки бошқа васийлари, тенгдошлари ёки бегоналар томонидан қилинадиган зўравонликнинг барча турларини ўз ичига олади.

Дунё бўйича ўтган йили 2-17 ёшгача бўлган 1 миллиардгача болалар жисмоний, жинсий ёки рухий зўравонликка учраган ёки эътиборсиз қолдирилган.

Ўзбекистонда эса 182 та бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши ҳодисалари юз берган.

Масалан, яқинда ижтимоий тармоқларда
Тошкент шаҳрида жойлашган 21-сонли Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган бола тарбиячи томонидан калтаклангани кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

Январь ойида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига Меҳрибонлик уйида тарбияланаётган А. исмли болага Б. исмли эркак тарбиячиси куч ишлатиб, жисмоний тазйиқ ўтказаётгани ҳақида маълумот келиб тушган. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ушбу ҳолат юзасидан ўрганиш ўтказган.

Тарбияланувчи А. билан суҳбат ўтказилганда юқоридаги ҳолатларни тасдиқлаган. Унинг ўнг тирсак соҳаси лат еб, кўкаргани маълум бўлган.

Боланинг сўзларига кўра, навбатчи тарбиячи юқоридаги ҳолат бўлишидан олдин ҳам бир неча маротаба унинг танасининг турли жойларига уриб тан жароҳати етказган. Бироқ у қўрқув остида ушбу ҳолатлар ҳақида ҳеч кимга мурожаат қилмаган.

Мониторинг жараёнида тарбияланувчининг танаси шифокорлар иштирокида кўздан кечирилган. Натижада боланинг танасида кўкарган яралар борлиги, бош қисмида ҳам оғриқ мавжудлиги аниқланган.

Тарбияланувчи А. навбатчи ҳамширанинг олдига тушиб, ўнг қўлининг лат еб, кўкарган тирсак қисмига суртма дори сурдирганлик ҳолати «Амбулатор журнали»да қайд этилмагани маълум бўлган.

Бундан олдинроқ боғча тарбиячисининг болага бўлган қўпол муносабати борасидаги видеолавҳа тарқалганини эсланг. Унда тарбиячи болалардан бирини жаҳл билан деворга итариб юборгани ва бола зарбдан йиқилганини кўриш мумкин. Сурхондарё, Навоий вилоятларидаги мактабгача таълим муассалари тарбиячилари болаларга қўл кўтаргани ҳақида бир неча маротаба ешитганмиз.

Енг ачинарлиси, бола ўз ота-онаси, яқин қариндошлари томонидан ҳақоратланиш, калтакланиши ҳолатларига ҳам дуч келамиз.

Албатта, бола айб иш қилса, унга бир шапалоқ урган осонроқ. Аммо бу тарбия усули эмаслигини унутмаслик керак. Уриш- тарбия усули эмас, бу ЗЎРАВОНЛИКдир! Бундай усул билан муваффақиятли, меҳрибон инсонни тарбиялаб бўлмайди. Жисмоний жазо етук шахсни шакллантиришга тўсқинлик қилади…

Шуни унутмангки, болалик даврида ўтказилган зўравонлик бутун ҳаёт давомида соғлиқ ва фаровонликка таъсир қилади.

Шахруза Сатторова