Тафаккур вақти: Бобур Мирзонинг эътирофи (кун адоғидаги ўйлар)

Заҳириддин Муҳаммад Бобур «Бобурнома» бевосита ўзи гувоҳи бўлган ёки эшитган воқеалардан бир қанчасини баён қилган. Шулардан бирида чалғучи Ҳусайн Удий ҳақида маълумот беради.
«Яна Ҳусайн Удий эди. Удни ёқимли чалиб, маънили қўшиқлар айтарди. Уднинг торларини якка қилиб чалган — шу».

Бу Ҳусайн Удий борасида айтилган юқори эътироф. Шу билан бирга Бобур машшоққа фақат мақтов билан кифояланиб қолмай, ўз ўрнида унинг бошқа хусусиятига ҳам эътибор қаратади:

«Айби бу эдики, кўп ноз билан чаларди», — деб ёзади Бобур. Бу даъвоси қуруқ бўлмаслиги учун Ҳусайн Удий билан боғлиқ бир воқеани ёдга олади.
«Шайбонийхон (Ҳусайн Удийга) бир навбат соз чалишни буюради. Такаллуф қилиб ҳам ёмон чалади, ҳам ўз созини олиб келмай, ярамас соз келтиради. Шайбонийхон буни фаҳмлайди. Зиёфат пайтидаёқ, бўйнига боплаб мушт туширишларини буюради».

Тарихдан маълумки, Шайбонийхон Бобурнинг асосий мухолифларидан бири бўлган. Бобур у билан муросага келмаган ва унинг бирон ишини эътироф этмаган. Аммо бу ўринда у воқеага холис назар билан қараб, адолат юзасидан ўз душманининг тўғри ишини ёқлаш йўлидан боради.
«Шайбонийхоннинг оламда қилган бир яхши иши бўлса — шудир, — деб ёзади Бобур. — Зотан жуда тўғри иш қилган. Бунақа нозик эркакнусхаларга бундан қаттиқроқ жазо керак».

Бу воқеани ўқиб, хаёлга айрим шу каби нусхалар келади. Эркак бўлиб туғилган бўлса-да, аёл қилиғини қилиб юрганлардан тортиб, турли йўллар билан ўзини хотинга айлантираётган ва буни шахс эркинлиги, демократия, қонун билан ҳимояланиши зарур бўлган фаолият деб жар солаётган «нозик эркакнусхалар»га нисбатан муносиб жавоб бера оладиганлар жуда кераклигини ҳис қиласиз.

Биз 14 феврални шоҳ ва шоир Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таваллуд куни сифатида биламиз.
Бу кун ўз шаҳвоний ҳирсига етишиш йўлида умуминсоний тамойилларни оёқ ости қилган айрим кимсалар тарғиб қилгани каби бошқа бирон «байрам» эмас. Зотан, бизнинг буюк аждодларимиз инсондаги ҳар бир фазилатни қадрлашган, эътироф этишган. Шу фазилатлар мудофааси учун ҳатто ўз мухолифи билан ҳам якдил бўлишган.

Умид шуки, ахлоқсизликни шараф деб биладиган кимсаларга муносиб жавоб қайтара оладиганлар фақат тарихимиздагина қолиб кетмаган.