Тафаккур вақти: Суратга эмас, сийратга боқиш керак

Кекса отахон набираси билан ғарбий Кентуккининг тоғли ҳудудларида, дарё бўйида яшарди. Набира ҳар тонг бобосининг китоб ўқиб ўтирганини кўрар ва секин ёнига бориб, чўккалаб ўтирар, қулоқ солар эди. Аста-аста ўзи ҳам ўқишни ўрганди.
Бир куни у:

— Бобо, мен ҳам сиздек ўқийман, аммо маъносини тушунмайман. Ўқиган жойларим тезда ёдимдан чиқиб кетади. Бундай ўқишдан нима фойда? — деб сўради.

Бобо саватдаги кўмирни печга солиб, набирасини ёнига чақирди:

— Мана бу саватни ол-да, дарёга бориб, бир сават сув келтир, — деди.

Набира бобоси айтганидек қилди, аммо уйга қайтгунича ҳамма сув саватдан оқиб кетди. Бобоси кулиб:

— Кейинги сафар тезроқ юришингга тўғри келади, — деди ва яна дарёга юборди.
Бола дарёдан сувни олибоқ, уйга югурди, лекин бу сафар ҳам ҳамма сув оқиб кетди. Бола ҳансираб келиб, саватда сув олиб келиш имконсизлигини айтди ва қўлига челак олди. Шунда бобоси:

— Менга челак билан эмас, шу сават билан сув келтир, сен етарлича ҳаракат қилмаяпсан, — деди. Бола саватда сув келтириб бўлмаслигини, қанча уринмасин, сув саватдан оқиб кетаверишини бобосига кўрсатгиси келди. Яна саватни дарёга ташлади ва уни олиб, бор кучи билан югурди. Бобосининг олдига келганида саватда бир томчи ҳам сув қолмаган эди. Болакай ҳансираганича:

— Бобо, саватда сув келтириб бўлмайди! — деди.

— Ҳаракатим беҳуда кетди, деб ўйладингми, болам, саватга бир қарагин, — деди бобо набирасига.
Бола саватга қаради ва кўмир солинадиган қоп-қора, кир ва эски саватнинг ичи ва таши тоза бўлиб қолганини кўрди. Шунда бобоси унга:

— Болажоним, сен китоб ўқиганингда ҳам шундай ҳол юз беради. Сен ҳеч нарса тушунмаслигинг ёки эслаб қололмаслигинг мумкин, лекин уни ўқиганингда ички, ташқи томондан ўзгарасан, тозаланасан, — деди жилмайиб.