Навоий шаҳридаги савдо мажмуасида бобо ва набира эскалатордан қулаб тушди

Ижтимоий тармоқларда Навоий шаҳридаги “Янги ҳаёт” савдо мажмуасида бобо ва набира эскалатордан қулаб тушгани тўғрисидаги видео лавҳалар тарқалди. Ҳолат юзасидан Навоий вилояти ИИБ қўшимча маълумот берди.

Қайд этилишича, воқеа кеча, 18 февраль куни соат 20:30ларда содир бўлган. Кармана туманида яшовчи, 1969 йилда туғилган Ш.Т. 3 ёшли набираси А.С. билан Навоий шаҳридаги “Янги ҳаёт” савдо мажмуасига борган. Улар савдо мажмуасининг 5 ва 4-қават оралиғидаги эскалаторда мувозанатни йўқотиб, 1-қаватга тушиб кетган. Фуқаро Ш.Т. воқеа жойида вафот этган. Тан жароҳати олган набираси А.С. эса вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказига ётқизилган.

Ҳолат юзасидан Навоий шаҳар ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда, дейилади расмий хабарда.