Пиёда юришнинг фойдали жиҳатлари маълум қилинди

 Лондон унверситетининг икки олими пиёда юришнинг организмга таъсирини ўрганиш учун 1970 йилдан 2007 йилгача бўлган барча тадқиқотлар мета-таҳлилини ўтказди. Бунда 500 000 киши иштирок этиб, улар ўртача 12 йил давомида кузатилган. Таҳлил натижаларига кўра, қуйидаги хулосага келинди:

— Асаб тизими – мия фаолияти, ҳаракат ва координацияни яхшилайди, асаб ҳужайраларини кислород билан бойитади, тинчлантиради, уйқу меъёрлашади. Депрессия хавфини 30% га, Альцгеймер касаллигини 40% га камайтиради.

— Юрак-қон томирлар тизими – вегетатив асаб тизимининг ҳолатига таъсири орқали қон босимини камайтиради, юрак фаолиятини яхшилайди. Юриш пайтида оёқ мушакларининг ритмик қисқариши ва бўшашиши қон ва лимфа оқимини фаоллаштиради, томирлар кенгайишининг олдини олади.

— Ҳаракат-таянч тизими – метаболизмни оширади, ортиқча калорияни йўқотади ва мушак массаси ортади. Бўғимлардаги оғриқни камайтиради, ҳаракатчанликни оширади, уларни ўраб турган мушакларни кучайтиради.

— Нафас олиш тизими – ўпка вентиляциясини яхшилайди ва ҳажмини оширади. Кўкрак қафаси мушаклари нафас олиш жараёнига жалб қилингани сабабли ўпканинг экскурсияси кучаяди ва кислород алмашунуви 30 % га ошишига олиб келади.

— Овқат ҳазм қилиш тизими – ўт пуфаги ва ичакларнинг тўлқинли ҳаракатларининг ошиши туфайли ўт қопида тош пайдо бўлиши ва қабзиятнинг олдини олади.

— Эндокрин тизими – юрганда мушаклар энергияни ёғларнинг оксидланиши ва углеводларнинг парчаланиши ҳисобига олади. Бу ортиқча вазн йўқотишда самарали таъсир кўрсатади ва қандли диабет касаллигини олдини олади.

— Мунтазам юриш иммунитетни мустаҳкамлайди.

Ҳар куни ярим соат ёки бир соат пиёда юриш оптимал ҳисобланади. Муҳими, мунтазамлик. Давомийликни шахсий ҳолатга қараб аста-секин ошириб бориш керак. Юриш бўлгач, одам эркин нафас олиши, енгил, ёқимли чарчоқ ҳолатини ҳис қилиши керак.