Бухородаги Ситораи Моҳи Хосса саройини реставрасия қилиш ишлари нотўғри олиб борилгани туфайли саройнинг бир қатор қисми тарихий ва бадиий аҳамиятини буткул йўқотган. Бу ҳақида Маданий мерос агентлиги хабар берди.
Қайд этилишича, Вазирлар Маҳкамасининг Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси ҳамда Маданий мерос агентлиги томонидан Ситораи Моҳи Хосса тарихий мажмуасидаги реставрасия ишлари ҳолати ўрганилган.
«Ўрганиш давомида таъмирлаш ишлари маданий мерос объектларини реставрасия қилиш талабларига амал қилинмаганлиги, таъмирлаш-реставрасия лойиҳалари махсус Илмий-эксперт кенгаши билан келишилмаган, тегишли рухсатномалар олинмаган ва яна бир қатор талаблар қўпол равишда бузилганлиги аниқланди. Мажмуада реставрасия ишлари нотўғри олиб борилгани туфайли саройнинг бир қатор қисми тарихий ва бадиий аҳамиятини буткул йўқотган», дейилади хабарда.
Маълум қилинишича, Агентлик томонидан ўрганиш ишлари якунлари ҳуқуқий баҳо бериш учун Бош прокуратурага тақдим этилган. Айни вақтда Бош прокуратура томонидан мазкур ҳолатлар бўйича мутасадди мансабдор шахсларга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.