2 миллион сўм ойлик олаётган ўқитувчидан камида 5 миллион сўм иш ҳақи оладиган мутахассислар тайёрлаб беришни талаб қилаяпмиз — Президент

Аввалроқ Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳолини касб-ҳунарга ўқитиш ва мономарказлар фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши ўтказгани ҳақида хабар берган эдик. Унда мутасаддиларга профессионал таълим педагог ва усталари учун муносиб шароит қилиб бериш, уларнинг касбий маҳоратини ошириб борадиган тизим яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

“Очиқ айтиш керак, 2 миллион сўм ойлик олаётган техникум ёки касб-ҳунар мактаби муаллимларидан камида 5 миллион сўм иш ҳақи оладиган мутахассислар тайёрлаб беришни талаб қилаяпмиз”, деди Президент.

Шу боис, келгуси йил 1 январдан:

– профессионал таълимдаги педагог ва усталар ойлиги ўрта мактаб ўқитувчиларига тенглаштирилади;

– ўқитувчилар малака тоифаси учун тўланадиган устама ўртасидаги фарқ 2 баробарга оширилади;

– эришган натижасига қараб, фидойи ва ташаббускор педагог кадрларнинг ойлигига 50 фоизгача устама тўлаш жорий этилади.

Келгуси йилда бунинг учун бюджетдан қўшимча 150 миллиард сўм ажратилади.

Шу билан бирга, профессионал таълим муассасалари педагоглари малакасини оширишда янги тизим яратилади.

Университетлар ҳузуридаги малака ошириш факультетлари ўрнига ҳар бир вилоятда Профессионал тайёргарлик марказлари ташкил этилади.