Telegram’да тўрт ҳарфли номлар 1 млн долларга сотилди

Telegram раҳбари Павел Дуров эълон қилган аукционда айрим номлар 1 млн доллар миқдорида сотилган. Кўпгина қимматбаҳо номлар бир хил одамлар томонидан харид қилинган. Харидорлар чексиз миқдорда номларни битта аккаунтга бирлаштира олади.

27 октябрь куни Telegram асосчиси Павел Дуров Telegram’да username аукциони бошланганини эълон қилди. Бу ҳақда «Forbes» хабар берди.

Қайд этилишича, аукционда сотиб олиш мумкин бўлган username’лар орасида тўрт ҳарфли номлар ҳам бор.

«Дунёда Глеблар кўп, лекин Telegram’да фақат менда бу ном бўлади», – деб таъкидлади PayQR тўлов хизмати раҳбари Глеб Марков.

Username’ларни сотувчи Fragment аукцион сайти хабарига кўра, Марков Telegram’даги номи учун 10,8 минг дона TON криптовалютасини (тахминан 17 минг доллар) тўлаган.

Энг қиммат сотилган username’лар орасида @avto (1,42 миллион доллар), @bank (1,34 миллион доллар), @avia (1,26 миллион доллар) ва @chat (1,1 миллион доллар) мавжуд.

Кўпгина қимматбаҳо username’ларни бир хил одамлар сотиб олган. Масалан, @bank, @game ва @avto номлари битта ТОН ҳамёндан сотиб олинган, унинг ҳисобида деярли 30 миллион ТОН (39,3 миллион доллар) бор.

Яна жиҳати шуки, сотиб олган харидорлар чексиз номларни битта аккаунтга бирлаштириши мумкин бўлади.