Бухорода газ «заправка»лар фаолиятига чеклов ўрнатилди

Бухоро вилоятида ҳаво ҳароратининг кескин тушиб кетгани сабабли аҳоли истеъмолчиларига табиий газни бир маромда етказиб бериш мақсадида газ «заправкалар» фаолиятига чеклов ўрнатилди. Бу ҳақда «Ҳудудгаз Бухоро» газ таъминоти филиали матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 12 январь кунидан бошлаб АГҚКШлар ўз иш фаолиятини соат 07:00 дан то соат 10:00 га қадар олиб боради.

Умумий овқатланиш шохобчалари ва ишлаб чиқариш ташкилотларига то аномал совуқ ҳаво ҳарорати ўтиб кетгунига қадар табиий газни етказиб бериш вақтинчалик тўхтатилади.

Аввалроқ Бухородаги метан «заправка»лар 18 декабрдан бошлаб ўз иш фаолиятини ҳар куни 07:00 дан 15:00 га қадар олиб бориши тўғрисида хабар берилганди.

Декабрь бошидан Тошкентдаги газ қуйиш шохобчалари вақтинча ёпилган. Об-ҳаво ҳарорати кескин пасайгани сабабли шаҳрнинг айрим ҳудудларида газ ва иссиқлик таъминотида узилишлар кузатилмоқда — коммунал хизматлар мавжуд газ заҳирасини барча истеъмолчилар орасида тенг тақсимлашга уринишига қарамай, ресурслар етишмаяпти.

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов энергия таъминотдаги узилишлар юзасидан изоҳ берганди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги об-ҳаво шароити жиддийроқ талафотларнинг олдини олиш мақсадида режали чекловлар ўрнатишни тақозо этмоқда.