Бюджетдан совурилаётган пуллар ўқитувчиларнинг насибасими? Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳокимлик харажатлари қаерга қараб кетмоқда?

Маълумотларга қараганда, мамлакатдаги умумтаълим мактаблари ўқитувчиларига апрель ойининг аванси берилмаётган экан.

Мураббийлар маошининг кечиктирилиши юзасидан на масъул вазирлик ва на Молия вазирлиги расман изоҳ бергани йўқ.

Мактабларга бириктирилган бухгалтерларнинг айтишича, бюджетда ойлик учун пул йўқ. Аммо бир нарса қизиқ, ўқитувчиларнинг наридан бери оладиган чумчуқни тумшуғидек маошига бюджетда пул йўқ бўлиб турган бир пайтда, ҳокимбувалар таълимдан кейин турадиган ва фавқулодда зарур бўлмаган нарсалар учун бюджет ҳисобидан миллиардлаб пул сарфлаш вазифаси билан бандлиги қанчалик адолатли?

Маълум бўлишича, Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан пойтахтда гул кўчатларини харид қилиш ва экиш учун қарийб 8 млрд сўмажратилибди.

Бироз аввал Тошкент шаҳар ҳокими ҳокимлик биноси харажатлари, коммунал, интернет тўловлари учун 7 млрд 349 млн 756,4 минг сўм маблағ ажратган эди.

Жумладан, хизмат автомобилларига ёнилғи қуйиш учун 690 млн сўм, уларга техник хизмат кўрсатиш учун 150 млн сўм, мажлис заллари учун гилам харид қилишга 100 млн сўм, махсус VIP учун мебеллар жамланмасига 150 млн сўм, лифтларга хизмат кўрсатишга 62 млн сўм ажратилиши кўзда тутилган.

Бундан ташқари, Тошкент шаҳар ҳокими Умирзоқов Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетининг захира жамғармаси маблағлари ҳисобидан Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси маънавият ва маърифат марказининг ВИП залларини таъмирлаш ва ҳудудни ободонлаштириш ишларини амалга ошириш учун 600 000,0 минг (олти юз миллион) сўм маблағ ажратган эди.

Бу ҳали ҳаммаси эмас, ҳокимликларда бюджет ҳисобидан совурилаётган пулларнинг адоғи кўринай демайди. 

Жумладан Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Тошкент вилоятидаги давлат хизматчиларининг ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш йўналишида профессионал даражадаги халқаро ИТ сертификатига ўқитилиши ҳақидаги фармойишни имзолади.

Маълумотларга кўра, ўқитиш харажатлари учун вилоят маҳаллий бюджетдан 270 миллион сўм миқдорда маблағ ажратилган.

Март ойининг ўзида Тошкент вилоятида “Энг намунали маҳалла раиси” кўрик-танловининг вилоят босқичи ўтказилган ва унга 67 миллион 900 минг сўм миқдордаги маблағ бюджет ҳисобидан ажратилди. Шундан салкам 48 миллион сўм тадбирни ташкиллаштириш қолган 20 миллион сўм эса, ғолибларни тақдирлаш учун сарфланган.

Бундан ташқари шу ойнинг ўзида вилоятдаги Ҳарбий маъмурий секторнинг 2024 йилги тасдиқланган “Йўл харитаси”га асосан қурилиш, таъмирлаш ишларини амалга ошириш учун 9 миллиард 31 миллион сўм,  Паркент ва Оҳангарон ҳудудларидан ўтувчи 4R-15 автомобиль йўлини ободонлаштириш ва 30 дона чиқинди қутисини сотиб олиш учун 100 миллион сўм, вилоятдаги 3 та маҳаллани ободонлаштириш тадбирлари учун 3 миллиард сўм, вилоятдаги ташқи реклама шитларига реклама баннерларини жойлаштириш учун 73 миллион сўм маблағ ажратилган.

Апрел ойида эса, Тошкент вилоятида 700 га яқин тунги кўча чироқларини ўратиш учун 1 миллиард 400 миллион сўм, вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги Ободонлаштириш бош бошқармасига махсус техникалар етказиб бериш учун 2 миллиард 300 миллион сўм маблағ бюджет ҳисобидан ажратилди.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилда давлат бюджети дефицити биринчи чоракда рекорд даражага етган ва бюджет даромадлари ўтган йилнинг биринчи чорагига нисбатан 6,8 фоизга, харажатлари эса 19,3 фоизга ўсган эди.

Ogoh.uz эса Иқтисодиёт ва молия вазирлиги бу муаммони тиббиёт ва таълим соҳасидаги  “сокрешения” лар эвазига ҳал қилишга уринаётгани ҳақидаги мавзуга тўхталиб ўтган эди.