Ўзбекистон Россиядаги фуқароларини огоҳлантирди

6 апрель куни Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги Россия Федерацияси ҳудудида вақтинча меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларини огоҳликка чақирди.

Агентлик фуқаролардан Россия ва Украина ўртасидаги зиддиятли ҳудудларга жалб қилиш ҳақидаги даъватларга эргашмасликни, зиддиятли ҳудудларга бормасликни ва ҳарбий ҳаракатларда иштирок этмасликни сўраган.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 154-1-моддасида чет давлатларнинг ҳарбий хизматига, хавфсизлик, полиция, ҳарбий адлия органлари ёки шунга ўхшаш бошқа органларига хизматга ёлланиш уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган.