Шавкат Мирзиёев Путин билан товар айирбошлаш масаласини муҳокама қилди

Бугун, 11 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг  Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.

Президент матбуот хизматига кўра, мулоқот жараёнида икки давлат раҳбарлари ўзаро товар айирбошлаш суръатларини таъминлаш ва қўшма кооперация лойиҳаларини амалга оширишга қаратилган биринчи галдаги чора-тадбирларни муҳокама қилишган.

Шунингдек, Ўзбекистон ва Россия ишбилармонлари ва ҳудудлари даражасидаги амалий ҳамкорликни илгари суришда апрель ойининг охирида Тошкент шаҳрида ўтказиладиган «Иннопром» халқаро саноат кўргазмаси имкониятларидан самарали фойдаланиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Маданий-гуманитар алмашинув дастури дорасидаги ҳамкорлик ҳам сермаҳсул кечаётгани қайд этилди.

Ўзбекистон ва Россия раҳбарлари, бундан ташқари,  бўлажак икки ва кўп томонлама тадбирлар режасини ҳам кўриб чиқдилар.