Чувиллоқнинг чалоби ёки бир фаришта билан танишув

Энди бундан бериси баҳор эмас, ёз! Кун қайнагандан қайнайди, осмон — юмалоқ тандиру одамни Самарқанд нонидай қизартириш билан оввора қуёш нурини аямай сочади. Шундай кунларда жонингга бир коса муздеккина чалоб давода, ўзиям. Бу йил ҳисобидан шу роҳатижонни Чувиллоқда ичдим. Яна кимсан, етмиш еттига етиб, ҳаракатларидаги чаққонликка, тилидаги бийронликка биз етолмайдиган Жумагул энамизнинг қўлларидан ичдим.

Ҳусниддин аканинг отамерос ҳовлисида жон кўп, жондан жондор кўп. Айниқса, байрам-ҳайит кунларими ё туғилган кун бўлсинми, уйда одам росмана қайнайди. Меҳмон деса дарвозасининг зулфини қулфига бош қўймайдиган бу ҳовлида яхши куннинг кети узун. Мен борган кун ҳам шундай бир хурсандчилик — Рамазон ҳайитига тўғри келди. Уй ичию ҳовлидаги сўри тўла одам… Хўп, ўзбекнинг меҳмондўстлигини биласиз, таъриф қилмоқчи эмасман, энамдан гапирай.

Хулласи калом, меҳмонлар кетди. Энамиз сўрига ёндашди. Ортидан келиб, қўлимда фотоаппарт, мен ҳам шу ерга турдим. Атрофига ўтириб, энамиздан сўров бошладим:

— Эна, нечага чиқдингиз?

Энамиз ҳам меҳмон билиб сийладими, ё хуш кўриб сўзладими, ҳар саволимга эринмай жавоб берди:

— Етмиш еттига кирдим. Бобой раҳматли икки ярим йил аввал омонатини топширди, тирик бўлса, саксон бирга кирарди.

— Неваралардан нечта, эна?

— Сонини билмасам, болам. Жийнаб (йиғилиб) келса, шу ҳовли тўлади. Эвараларам бир этак бўлди ҳозир. Умрим узоқ бўлсин, дейман, шу ҳаммасини тўйларини кўрсам. Авваллари кўтариб қараб турардим, энди куч ҳам қолмаяпти, эваралар келса пича ўйнатай дейман, қулоқ қурғур эшитмай, қўлда қувват йўқ. Ишқилиб, жони омон бўлсин ҳаммасининг. Худога шукр, борига шукр…

Энамиз гапиради, гап орасида тилидан шукри тушмайди. Кўрганига, кўрсатганига шукр дейди энамиз. Мен ундан-бундан сўрайман, кун қандай, кеча қандай, рўзадорлик чарчатмадими, билгим келади. Йўқ, дейди энамиз. Айтишларича, саҳарлик бошидан невараси Ойбекни уйғотиб чой дамлатаркан, кейин чойга нон солиб, ивитиб қўяркан.

— Мен бир тишсиз одам бўлсам, юмшоқ нонниям жибитмасдан (ивитмасдан) еёлмасам. Улар ҳаммаси гурра келади, ейди-кетади. Ўз ҳисобим ўзим биланда, болам.

Куни билан ҳовлига қараймиз Дилбар иккимиз, дейди энамиз. Кенжасининг кенжаси — Дилбар шу йили мактабга чиқади. Ҳафтада икки тайёрлов дарсига боради. Қолганида энамизнинг эрмаги, кўзу қулоғи.

— Дилбар кетса, мен шу уйга бир эгада, энди. Ҳаммаси мактабда бўлади. Ҳусниддин Авлиё (Авлиёта қишлоғи)даги мактабда, келин ўзимизда дарс беради. Ойбек билан Мухтор ҳам тушгача ўқийди. Дилбар иккимиз молга қулоқ, итга қулоқ бўлиб ўтирамиз.

Энамиз эринмайди, туриб итга довур ўзи хабар олиб, суву суяк солади. Итнинг ҳам болалар тилида бўлак номи, энамизнинг айтмишида бошқа оти бор — Кўктой!

 Энамиз тинмайди, тинишдан сақласин, дейди. Тилида шукри билан рўзғорнинг у ё бу ишини малолланмай қилаверади. Келин ишлайди, ҳаммасига улгурмоқ осонми, дейди энамиз.

Энамиз қозон бошига ўтади, ўтинхонага ўтади — мен дум. Ҳар сўзини бамайлихотир, доналаб ҳикоя қилади энамиз. Мен тинглаб, ора-чора савол бериб тураман. Ошхонада идиш ювиб, ёшлигини эслайди энамиз.

— Ҳали энди келин вақтим ҳозиргидай идиш сероб эмасди. Уч қайинсинглим, қайниларим бор уйда, суюқ овқат қилсак, қайнонамга, қайниларимга косада сузардимда уч қайинсинглим билан ўзимга бир чуқур товоққа солиб борардим. Энамлар меҳмонга келиб, «косага солсанг бўлмайдими» деса, «ҳа, эна, камроқ идиш ювилади, камроқ коса ишлатилади, шу қулай» дердим.

Ҳали овқатланишда катта товоқ, ичига биттагина қошиқ солардик, мен ичардимда, сўғин қайинсингилларимга берардим. Бир куни буни катта овсиним кўриб, секин туртдию «аввал улар ичсин, кейин сиз ичинг» деди. Мен билмай, булардан каттаман деб ўзим биринчи ичарканман, кейин қошиқни берарканман. Шу-шу қайтиб бундай хато қилмадим. Лекин ҳалиям қайинсингиллар меҳмонга келишганда тўрга чиқингизлар, десам «сиз каттасизку, сиз чиқаверинг» деб кулиб қолишади.

Куламиз иккимиз ҳам. Энамиз орада бир тин оладида яна қўзғалади.

— Кел, балажон, сенга чалоб қилиб бераман.

Гап гап жойида, гурунг гурунг жойида давом этиб, иккимиз ошхонадан қатиқ солиб, зардоби кетсин учун осиб қўйилган тўрва — чаккихалта томон юрамиз.

Халтадан идишга чакки (сузма) олади энамиз. Кейин уни чўмичда эзиб, сув қўшади. Туз солиб, яна айлантиради.

Кейин менга «тузкўрди» қилдириб, косаларга қуя бошлайди.

Мен тайёр чалобларни патнисга соламану қолганларга элтишга, ҳаммасидан ҳам, энамиз тайёрлаган шундай ҳузурижонни тезроқ ичишга шошиламан. Вақтингиз бўлса, сиз ҳам Жумагул энамизнинг қўлларидан чалоб ичишга келинг. Чувиллоққа тушиб, Ҳусниддин муаллимнинг уйини сўрасангиз, ҳамма йўлга солиб юборади. Улардан бири энамизнинг невараларидан бўлиб чиқса ҳам ажаб эмас…

Камол Аззам