Тошкентда Ўзбекистон–Хитой халқаро тиббиёт форуми ўтказилади

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов Хитой Халқ Республикасининг мамлакатимиздаги элчихонаси масъул вакиллари билан учрашув ўтказди.

Мулоқотда икки давлат ўртасида тиббиёт соҳаси бўйича кўп қиррали алоқаларни кенгайтириш, ўзаро ҳамкорликда янги инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.

Хусусан, Хитой кўмагида Ўзбекистонда соғлиқни сақлаш муассасаларини модернизация қилиш ҳамда замонавий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, қўшма тиббий таълим дастурларини рўёбга чиқариш, грант лойиҳаларини жалб қилиш каби қатор йўналишлар бўйича икки томонлама муносабатлар истиқболлари кўриб чиқилди.

Якунда шу йил октябрь ойида Тошкент шаҳрида Ўзбекистон — Хитой халқаро тиббиёт форуми ўтказилиши юзасидан келишувга эришилди.

Таъкидланганидек, ушбу нуфузли тадбирда икки давлат ўртасида соғлиқни сақлаш, тиббий таълим, фармацевтика, IT, халқ табобати каби қатор йўналишлар бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш, ўзаро тажриба алмашиш ва соҳага дахлдор қўшма корхоналар ташкил этиш имкониятлари кўриб чиқилади.