Тошкентда ободонлаштириш ходимлари кўп йиллик чинорларни кесиб ташлади

Тошкентда дарахтлар кесилиб кетилгани ҳақида хабар тарқалди. Ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши бошқармаси матбуот хизмати маълумот берди.

Ўрганиш давомида Яккасарой тумани Шота Руставели кўчаси 20-уйнинг қарама-қарши томонида ноқонуний равишда диаметри 62,1 ва 61 см бўлган 2 туп чинор дарахтлари тегишли рухсатномасиз Яккасарой туман ободонлаштириш бошқармаси ходимлари томонидан таг қисмидан кесиб ташланганлиги аниқланди.

Ушбу ҳолат билан «Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонуннинг 37-моддаси талаблари бузилган бўлиб, ўсимлик дунёсига етказилган зарар ҳисобланганида 191,4 млн сўмни ташкил этди. «Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органига юборилганлиги маълум қилинади», — дейилади хабарда.