Хитой жанубида маймунчечак билан касалланиш ҳолати аниқланди

Хитойнинг жанубий Гуандун провинциясининг Гуанчжоу шаҳрида маймунчечак билан касалланган икки одам аниқланган ва иккаласи ҳам изоляция қилинган, дея хабар беради Касалликларни назорат қилиш ва олдини олиш маркази.

“Гуанчжоуда 10 июнь куни 43 ва 29 ёшли икки эркакда маймунчечак билан касалланиш ҳолати аниқланди”, — дейилади марказ хабарида.
Айни пайтда касалланганлар изоляция қилинган ва ихтисослаштирилган шифохонада даволанмоқда, иккаласида ҳам касаллик енгил аломатлар билан давом этмоқда.

ЖССТ 2022 йилнинг июль ойида маймунчечак эпидемияси сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилганди. Жорий йилнинг май ойи бошида касаллик камайгани сабаб фавқулодда ҳолат бекор қилинганди.

ЖССТ маймунчечакдан ўлим даражасини 3-6 фоиз деб баҳолаган.