Қозоғистоннинг Ўзбекистон билан чегарадош ҳудудида хавфли касаллик тарқалмоқда

Қозоғистоннинг Қизилўрда вилоятида икки нафар фуқаро хавфли ҳашарот бўлган шомил чақиши оқибатида Қрим-Конго геморрагик иситмасининг қурбони бўлди. Бу ҳақда “Казинформ” агентлиги хабар берди.

Унда айтилишича, Ўзбекистоннинг Навоий вилояти ва Қорақалпоғистон Республикасига яқин жойда бўлган Қизилўрда вилояти Янгиқўрғон туманида 77 ёшли ҳамда Шиели вилоятида яшовчи 51 ёшли фуқаро Қрим-Конго геморрагик касаллик белгилари билан касалхонада ётқизилган, аммо улар жонлантириш бўлимида вафот этган.

Йил бошидан буён вилоят тиббиёт муассасаларига шомил чақиши бўйича 600 дан ортиқ фуқаро мурожаат қилган. Улардан 23 нафари Конго-Қрим геморрагик иситмаси билан касалхонага ётқизилган. 8 та ҳолатда ташхис тасдиқланган.

“Ҳар бир ҳолат қайд этилганда 12 соат ичида шахсий ҳудудлар, чорва моллари ва ҳайвонлар дезинфекция қилинади. Барча алоқада бўлган шахслар 14 кун давомида шифокор назоратига олинади. Умуман олганда, шомилнинг энг ривожланадиган даври май, июнь ва июль ойлари ҳисобланади. Шу боис вилоят аҳолисини эҳтиёт бўлишга ва ҳашарот чаққанда дарҳол шифокорга мурожаат қилинишини сўраб қоламиз”, дейди Қизилўрда вилояти санитария-эпидемиология назорати бошқармаси бошлиғи ўринбосари Алия Абдиқаимова.

Маълумот учун, шомил ҳашароти баҳор келиши билан қиш уйқусидан уйғониб, ўзлари учун озиқ-овқат излай бошлайди. Чунки уларда айни шу пайтда кўпайиш ва ҳаёт учун мақбул шароитлар пайдо бўлади. Кўпинча шомил уй ҳайвонларининг мўйналаридан топилади. Шомилнинг 100 дан ортиқ турлари маълум бўлиб, айримлари хавфлидир. У чақиши оқибатида юқумли касалликларга ҳатто ўлимга ҳам олиб келиши мумкин.