Туркияда яна 7 балли кучли зилзила бўлиши мумкин

Сейсмолог олимлар Туркиянинг Истанбул шаҳри ва Мармара денгизи минтақасида 7 ва ундан юқори балли кучли зилзила содир бўлишини башорат қилмоқда. Бу ҳақда Истанбул шаҳар мэриясининг зилзилалар бўйича олимлар Кенгаши аъзоси Ҳалук Эйидўғанга таяниб, РИА Новости хабар берди.

Маълум қилинишича, агар Мармара денгизида тектоник ҳаракатлар фаоллашса, кучли зилзила содир бўлади. 2030 йилгача бундай зилзила содир бўлиш эҳтимоли тахминан 50 фоизни ташкил этади.

“Бу хулоса минтақадаги 2000 йиллик зилзилалар тарихини ўрганиш, геофизик ва сейсмик тадқиқотлар натижаларини таҳлил қилиш асосида қилинган”, дейди Ҳалук Эйидўған.

Мутахассисга кўра, бундай таҳдидларни кенг оммага эълон қилишдан мақсад уларни таҳликага солиш эмас, балки одамлар бундай фалокатга тайёр туриши ва расмийлар келажакда юзага келиши мумкин бўлган зарарни камайтириш учун олдиндан зарур чораларни кўриш кераклигини эслатиш ҳисобланади.

“Мармара денгизи минтақасида юз бериши мумкин бўлган зилзила бир вақтнинг ўзида 25 миллиондан ортиқ аҳолига эга 7 та вилоятга таъсир қилади. Қанчалик катта зарар етказилишини тасаввур қилиш қийин”, дейди мутахассис.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 6 февраль куни Туркия жануби-шарқида 7,7 ва 7,6 магнитудали кучли зилзилалар содир бўлган эди. Сўнги маълумотларга кўра, рўй берган зилзила қурбонлар сони 50 мингдан ошган. Шунингдек, мамлакатнинг Атроф-муҳит, урбанизация ва иқлим ўзгариши вазирлиги 763 000 та бинога зарар етгани, камида 41 791 бино жиддий шикастланган ёки вайрон бўлгани ҳақида маълумот берган.