Эронда ахлоқ полицияси қайта иш бошлади

Эроннинг ахлоқ полицияси диний меъёрлар ва жамоат ахлоқига риоя этилишини назорат қилиш мақсадида мамлакатда қайта иш бошлади. Бу ҳақда Эрон полицияси вакилига таяниб, Эрон талабалари ахборот агентлиги (ISNA) хабар берди.

2022 йилнинг кузида мамлакат сиёсий ва диний раҳбариятига қарши оммавий норозилик намойишларидан сўнг, ахлоқ полицияси бўлинмалари Эрон кўчаларида кўринмай қолган. Мамлакат Бош прокурори Муҳаммад Жафар Мунтазери ҳижобни “нотўғри кийгани” учун ҳибсга олинганидан сўнг полиция ҳибсхонасида ҳалок бўлган 22 ёшли курд аёли Маҳса Аминининг ўлими туфайли юзага келган кенг кўламли норозилик намойишлари фонида полициянинг суд тизимига алоқаси йўқлигини ва ахлоқ полицияси тугатилганини маълум қилганди.

Шунингдек, у мамлакат расмийлари аёлларни ҳижоб кийишга мажбурловчи қонунни ўзгартириш устида иш бошлаганини тушунтирган.

Сўнгги ойларда кўплаб аёллар рўмол ўраш талабини, жумладан, жимгина норозилик билдирган ҳолда эътиборсиз қолдирди.

Апрель ойи бошида Эрон суд ҳокимияти раҳбари Ғулом Ҳусайн Моҳсени-Эжей аёлларни ҳижобсиз омма олдига чиққани учун шафқатсиз таъқиб қилиш билан таҳдид қилган.

“Бундай хатти-ҳаракат қадриятларимизга душманлик билан тенгдир”, дейди суд раҳбари.

Ҳижобсиз аёлларни топиш учун “ақлли камералар”

Апрель ойи бошида Эрон полицияси жамоат жойларига “ақлли камералар” ўрнатишни бошлаганди. “Reuters” хабарига кўра, бундай қурилмалар Эрон полициясига боши очиқ аёлларни аниқлаш имконини беради.

Шундан сўнг “қоидабузарлар”га “оқибати ҳақида огоҳлантирувчи матнли хабарлар” келади. Эроннинг “Mizan” суд ахборот агентлиги хабарига кўра, бу ҳаракатлар “ҳижоб қонунига қаршилик кўрсатишнинг олдини олишга” қаратилган.