“Шарқ” нашриёти ва ЎзА кўчирилиб, уларнинг жойи сотувга қўйилмоқда

“Шарқ” нашриёт-матбаа АЖнинг бино-иншоотлари ва ишлаб чиқариш ускуналари Учтепа тумани, Катта Хирмонтепа кўчаси, 1-уй манзилида жойлашган янги бино-иншоотларга кўчирилмоқда. Бу ҳақда Давлат активларини бошқариш агентлиги маълум қилди.

“Шу билан бирга, Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Буюк Турон кўчаси, 42-уйда жойлашган Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (ЎзА)нинг маъмурий биноси Тошкент шаҳар, Миробод тумани, Матбуотчилар кўчаси, 32-уй манзилидаги Матбуот уйига кўчирилади.

Тегишли хусусийлаштириш дастурларига мувофиқ, Тошкент шаҳри, Миробод тумани, Буюк Турон кўчаси, 41-42-уй манзилларда жойлашган (умумий ер майдони 3,02 гектар, бино-иншоот майдони 56 525 кв.м.)  бино ва иншоотлар бўшаётганлигини инобатга олиб, уларнинг негизида замонавий шаҳарсозлик талабларига мос келувчи ягона мулкий мажмуани барпо этиш мақсадида, Давлат активларини бошқариш агентлиги мулкий мажмуа бўйича оммавий савдо жараёнлари бошланганини эълон қилади”, дейилади хабарда.